• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИНИНГ ХАВФ-ХАТАРЛАРИ
8690 | 19 Июнь 2025 й.

Жамшид ШАРИПОВ, "Тараққиёт стратегияси" маркази бўлим бошлиғи
Рамзидин НУРИДИНОВ, "Тараққиёт стратегияси" маркази бош мутахассиси

Бугунги кунда иқлим ўзгариши инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бири саналади. The Lancet журналининг “Инсон саломатлиги ва иқлим ўзгариши бўйича 2024 йил” (The Lancet Countdown) ҳисоботига кўра, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари йилдан-йилга ортиб бормоқда.

The Lancet Countdown – бу иқлим ўзгариши ва инсон саломатлиги ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қиладиган халқаро тадқиқот. У 200 дан ортиқ олим ва мутахассис томонидан ҳар йили тайёрланади ва БМТ ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) томонидан эътироф этилади.

2024 йилда глобал ҳарорат 1,55°C га кўтарилиб, Париж келишувида белгиланган 1,5°C чегарадан ошиб кетди. Иқлим ўзгариши табиий муҳитга, одамларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига, озиқ-овқат хавфсизлигига, ишлаб чиқариш қобилиятига ва, умуман, турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Тадқиқотлар натижаларига кўра, иқлим ўзгариши жиддий муаммо сифатида 65 ёшдан ўтган инсонлар орасида ўлим даражасининг 167 фоизга кўпайишига, юрак-қон томир касалликлари ва нафас йўллари муаммоларини келтириб чиқаришга, дунё бўйлаб меҳнатга лаёқатли аҳоли орасида 512,4 млрд. соат иш вақтининг йўқотилиши натижасида даромадларнинг 835 млрд. АҚШ долларга қисқаришига ҳамда PM2.5 моддалари билан ҳаво ифлосланиши оқибатида 3,33 миллион инсон барвақт ўлим топмоқда.

Иқлим ўзгаришининг оқибатлари

The Lancet Countdown ҳисоботига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида келиб чиқадиган асосий муаммолар қуйидагилардан иборат:

  1. Аҳоли саломатлигига таъсири. Иқлим ўзгариши юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларининг, айниқса кексалар ва болалар ўртасида кенг тарқалишига олиб келади. Тадқиқот натижаларига кўра, Европа ва Марказий Осиёнинг 50 та мамлакатида вазият жуда ҳам жиддий, сабаби ушбу ҳудудлардаги болаларнинг тенг ярми мунтазам равишда иссиқлик тўлқинларига дуч келади, бу кўрсаткич эса дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар юқори бўлиб, глобал миқёсда ҳар тўртинчи болага таъсир кўрсатади. Ҳароратнинг кўтарилиш суръатлари дунёнинг бошқа ҳудудларига нисбатан юқори бўлган ушбу минтақада ғайритабиий иссиқлик таъсирига учраган болалар сони аллақачон 92 миллиондан ошган.

ЮНИСЕФ томонидан 23 мамлакатдан олинган маълумотлар таҳлили асосида тайёрланган ҳисоботга кўра, Европа ва Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши туфайли биргина 2021 йилда тахминан 377 нафар бола ҳалок бўлган[1]. Ўзбекистонда эса болаларнинг 91 фоизи, яъни қарийб 9,5 миллион нафари иссиқлик стрессидан азият чекмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга келиб мамлакатнинг иқлим ўзгаришидан азият чекаётган  ўнта давлат қаторига кириш хавфи мавжуд[2].

Шунингдек, республиканинг йирик шаҳарларида, жумладан Тошкентда ҳавонинг PM2.5 заррачалари билан ифлосланиш даражаси меъёрдан анча ошиб, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Биргина Тошкент шаҳрида йил давомида ўртача 3 минг нафар киши вафот этган. Булар асосан инсульт, юрак ишемик касаллиги ва пастки нафас йўллари инфекциялари оқибатида юз берган. Жаҳон банки маърузасига кўра, Ўзбекистон PM2.5 концентрацияси бўйича Марказий Осиёда иккинчи ўринни эгаллайди[3].

Тошкентда PM2.5 ифлосланиши билан боғлиқ йиллик ўлим кўрсаткичлари, ўлим сабаблари бўйича[4]

 

Бундан ташқари, глобал исиш туфайли тундаги ҳарорат янада ошиб, уйқунинг ёмонлашиши натижасида йил давомида ҳар бир киши ўртача 44 соатгача уйқусини йўқотмоқда. Мазкур ҳолат, айниқса, аёллар, кексалар ва ривожланаётган давлатларнинг аҳолисига кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши, юрак хуружлари, руҳий касалликлар ва ўз жонига қасд қилиш каби хавф-хатарларни оширмоқда, меҳнат қобилиятини пасайтирмоқда ҳамда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий заифлигини кучайтирмоқда[5].

  1. Иқтисодий йўқотишлар ва озиқ-овқат хавфсизлиги: Жаҳон банки мутахассисларининг фикрига кўра, яқин келажакда иқлим ўзгаришига мослашишнинг аниқ чоралари кўрилмаса, 2050 йилга келиб Ўзбекистон иқтисодиёти 10 фоизга қисқариши мумкин. Бу эса, бандлик даражасининг  ва уй хўжаликлари даромадларининг сезиларли пасайишига олиб келади[6]. Шунингдек, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва бошқа об-ҳаво ҳодисалари натижасида мавжуд инфратузилманинг издан чиқиши, қишлоқ хўжалигидаги йўқотишлар ҳамда хом ашё нархларининг кескин кўтарилиши туфайли юзага келиши мумкин бўлган макроиқтисодий ларзалар ҳақида огоҳлантирган.
     

2050 йилда аҳоли сонининг кутилаётган ўсиши натижасида сув билан таъминланганлик даражасининг ўзгариши (Манба: Жаҳон банки)

Юқорида келтирилган тасвирда 2050 йилда аҳоли сонининг кутилаётган ўсиши натижасида сув билан таъминланганлик даражасининг ўзгариши акс эттирилган. Унда сув ресурсларига иқлим ўзгариши таъсир кўрсатмаган тақдирда ҳам, дунёнинг ривожланаётган  ва қурғоқчил ҳудудлари, жумладан Ўзбекистон сув танқислигига жиддий дуч келишини кўриш мумкин[7]. 

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг қурғоқчил иқлими боис, қишлоқ хўжалигида ирригация тизими муҳим аҳамиятга эга. Қишлоқ хўжалиги соҳаси ялпи ички маҳсулот ва бандликнинг тахминан 25 фоизини ташкил этади. Сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи аграр секторга сарфланади, асосий сув таъминоти эса Амударё ва Сирдарё орқали каналлар тизими ёрдамида амалга оширилади. Иқлим ўзгариши – музликлар оқимининг камайиши, ёғингарчиликнинг ноаниқлиги ва қурғоқчилик – сув танқислигини кучайтириб, сув захирасини 30–40 фоизга камайтириши ва суғоришга бўлган эҳтиёжни 25 фоизга ошириши мумкин, бу эса, мамлакатнинг сувга бўлган қарамлигини янада кучайтиради[8].

  1. Табиий офатларнинг тез-тез рўй бериши: Экспертларнинг фикрига кўра, 2014–2023 йилларда кузатилган ёғингарчилик 1961–1990 йиллардаги ёғингарчилик даражасига нисбатан 61 фоизга кўпайган. Бу эса, сув тошқинларини келтириб чиқариб, аҳолининг соғлиғи ва инфратузилмага жиддий хавф туғдирди[9]. Биргина мисол, 2024 йил май ойида Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида кучли сел сув тошқини туфайли 360 та чорва молининг оммавий нобуд бўлиши, зооноз (ҳайвондан инсонга юқадиган) касалликларининг кенг тарқалиши хавфини кучайтирди. Ушбу ҳодиса иқлим ўзгаришига мослашишнинг самарали стратегияларини ишлаб чиқиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш қанчалик зарур эканлигини яққол кўрсатиб берди[10].

Шунингдек, 2023 йилда Ер юзасининг деярли ярми (48 фоизи) камида бир ой давомида кучли қурғоқчиликка дучор бўлди, бу 1951 йилдан буён иккинчи энг юқори кўрсаткич бўлди. Инсон аралашуви туфайли юзага келадиган иқлим ўзгаришлари (антропоген) қурғоқчиликнинг тез-тез содир бўлиши ва кучайишига сабаб бўлмоқда[11]. Жаҳон ресурслари институтининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон сув танқислиги энг яққол намоён бўлган мамлакатлар орасида 25-ўринда турибди. Кейинги ўн йил ичида мамлакатда қурғоқчилик ҳолатлари, айниқса ёз ва куз ойларида кўпайиб, Амударёнинг қуйи оқими ва Орол денгизи ҳудудига таъсир кўрсатмоқда[12].

Муаммоларни юмшатиш борасида таклиф ва тавсиялар

Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини камайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2023–2030 йилларга мўлжалланган табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси[13] ҳамда 2019–2030 йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси[14] қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг экологик муаммоларини ҳал қилишга қодир мутахассислар тайёрлаш мақсадида Green University ташкил этилди ва Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия амалга оширила бошланди.

Бироқ, иқлим ўзгариши оқибатида кундан-кунга ортиб бораётган муаммолар кўлами ва уларнинг тез суръатларда кучайиши, мавжуд чора-тадбирларнинг тўлиқ натижа бериши учун етарли бўлмаслиги мумкин.

Шуларни инобатга олган ҳолда, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф этади:

Биринчидан, иқлим ўзгариши шароитида аҳоли саломатлигини самарали ҳимоя қилиш учун Ўзгидромет ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим. Бундай интеграция хавф-хатарларни эрта аниқлаш ва экстремал об-ҳаво шароитида юзага келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш имконини беради. Бунга мисол сифатида, Францияда ҳар йили 1 июндан 15 сентябрга қадар амал қиладиган аномал иссиқликка қарши курашиш режаси (Le Plan Canicule)ни келтириш мумкин[15].

Le Plan Canicule - Франция Миллий соғлиқни сақлаш агентлиги (ANSP) томонидан мувофиқлаштириладиган аномал иссиқликка қарши курашиш режаси, фақат ҳароратни эмас, балки намлик даражаси, иссиқликнинг давомийлиги, атроф-муҳитнинг ифлосланганлиги, биноларнинг зичлиги ва тиббиёт муассасаларига тушаётган юкламани ҳам ҳисобга оладиган огоҳлантириш тизими ҳисобланади[16].

Шунингдек, иқлим ўзгаришининг аҳоли саломатлигига таъсирини юмшатиш мақсадида бирламчи бўғин тиббиёт муассасалари ходимларининг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, жумладан касбий билимларни чуқурлаштириш, амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ва иқлим хавфлари туфайли юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда тезкор чораларни кўриш бўйича тайёргарлигини ошириш муҳим саналади.

Италия Халқаро атроф-муҳит шифокорлари жамияти (ISDE) доимий равишда тиббиёт ходимлари учун иқлим билан боғлиқ касалликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб семинарлар, маҳорат дарслари ва ўқув дастурларини ташкил этиб келади. Ушбу дастурлар иқлим ўзгаришининг аҳоли саломатлигига таъсирини юмшатиш ва фавқулодда вазиятларда малакали қарорлар қабул қилиш учун мутахассислар салоҳиятини оширишга ёрдам беради[17].

Бундан ташқари, ўтказилган сўров натижаларига кўра, Ҳарвард тиббиёт мактабида иқлим ўзгариши бўйича мажбурий жорий қилинган янги ўқув дастурини мазкур мактаб талабаларнинг 76 фоизи ёқлаб чиққанлигини ва 80 фоизи эса иқлимнинг саломатликка таъсири ҳақидаги тушунчаларини чуқурлаштиргани ҳақида маълумот берган[18].

Иккинчидан, ЮНИСЕФ тавсияларига асосланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини иқлим ўзгариши хавф-хатарларидан ҳимоя қилиш мақсадида ичимлик суви таъминоти, соғлиқни сақлаш ва таълим каби муҳим ижтимоий хизматлар кўрсатишни экологик муаммоларга мослаштириш бўйича чоралар кўриш, бунда барча ижтимоий хизматлар иқлим ўзгариши оқибатларини инобатга олиши, иқлим стратегиялари ва режалари эса ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар манфаатларига мос равишда шакллантирилиши керак[19].

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Сингапур тажрибасидан келиб чиқиб, иссиқ об-ҳаво шароитида ўқувчилар саломатлигини ҳимоя қилиш чораларини кўриш тавсия этилади. Бунда, ўқувчиларда куннинг иссиқ пайтида кўчада жисмоний фаолликни чеклаш, сув ичишни рағбатлантириш ва болаларнинг, айниқса хавф гуруҳидаги болалар аҳволини доимий мониторинг қилиб бориш, синф хоналарини шамоллатиб туриш, зарурат туғилганида, дарс вақтини қисқартириш масаласини ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бу эса, иссиқ об-ҳаво шароитида янада хавфсиз ва қулай таълим муҳитини яратишга ёрдам беради.

Сингапур Таълим вазирлиги томонидан ўқувчилар ва ходимларни иссиқдан ҳимоялаш учун қатор чоралар ишлаб чиқилган, жумладан соат 10:30 дан 15:30 гача очиқ ҳавода жисмоний машғулотлар чекланади, мунтазам сув ичиш тавсия этилади, ўқитувчилар болаларнинг аҳволини кузатиб боради. Қулай шароит яратиш мақсадида синф хоналарини шамоллатиб, соябонлар ва вентиляторлардан фойдаланилади. Мактабларда дарсларни қисқартиришга, танаффусларни узайтиришга ва ўқувчилар учун қулай кийим  кийишга рухсат берилади[20].

Учинчидан, мамлакатда ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг тобора ортаётганини  ҳисобга олиб, Сингапурнинг оқова сувларини қайта ишлаш бўйича NEWater лойиҳаси доирасида амалга оширган тажрибасини амалиётга жорий этиш масаласини ўрганиб чиқиш лозим. Ушбу лойиҳа  доирасида турар-жой бинолари, саноат корхоналари ва турли муассасалардан чиқадиган оқова сувлар тўпланади, фильтрланади, тескари осмос ва ультрабинафша нурлар ёрдамида стерилизация қилишни ўз ичига олган кўп босқичли тозалаш жараёнидан ўтказилади ҳамда қайта фойдаланиш учун хавфсиз бўлган сифатли сувга айлантирилади. Мазкур чора нафақат Ўзбекистоннинг анъанавий чучук сув манбаларига бўлган эҳтиёжини қондиради, балки ифлосланган сувларнинг оқизилишини камайтириш орқали сув ҳавзаларининг экологик ҳолатини ҳам яхшилайди.

NEWater - бу оқова сувларини чуқур фильтрлаш, тескари осмос ва ультрабинафша нурланиш ёрдамида тозалашнинг инновацион технологияси ҳисобланади. Мазкур лойиҳа 2017 йилдаёқ Сингапурнинг 40 фоизгача сув истеъмолини таъминлади. 2060 йилга келиб талабнинг икки баравар ўсишини ҳисобга олган ҳолда NEWater ҳиссасини 55 фоизгача ошириш режалаштирилган[21]. Ўз навбатида, фильтрланган сувнинг сифати халқаро экспертлар томонидан ЖССТ ва АҚШнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги стандартларига мос келиши эътироф этилди[22].

Тўртинчидан, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида  Мали ва Африканинг бошқа қурғоқ давлатларида самарали қўллаб келинаётган RiceAdvice каби рақамли ечимларни амалиётга жорий этиш масаласини ўрганиб чиқиш керак. Мазкур  илова фермерларга сувдан оқилона фойдаланиш, ўғитлар миқдорини ҳисоблаш ва бозор нархларидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни аниқ белгилаб, экиш учун қулай вақтни танлашга ёрдам беради. Бундай воситалар иқлим ўзгариши ва сув ресурслари чекланганлиги шароитида самарадорликни оширади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг исрофини камайтиради ва ҳосилдорликни кўпайтиради.

Малида 150 минг фермер RiceAdvice рақамли илова ёрдамида қурғоқчиликка чидамли шоли навларини аниқлаш орқали ва сув танқислигини бартараф этиш бўйича бошқа усулларни қўллаши натижасида ўз даромадини гектарига 364 АҚШ долларга оширишга эришди[23].

Бешинчидан, иқлим муаммолари ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш учун қурилиш материалларининг углерод изини камайтириш бўйича инновацион усуллардан фойдаланиш бўйича Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Жанубий Кореянинг “Hanil Cement” компанияси углеродни (CО₂) тутиб олиш, ундан фойдаланиш ва сақлаш технологияси “Remitar FS150” цемент қурилиш қоришмасини яратган бўлиб, ушбу технология бир куб метр материалда 0,4 кг CО₂ ни тутиб олиш хусусиятига эга. Технология чиқиндиларни камайтиради ва қоришма мустаҳкамлигига таъсир қилмаган ҳолда цементни 3 фоизгача тежайди. Бу инновацион услуб фаол қурилиш ишлари олиб борилаётган Ўзбекистон учун долзарб аҳамиятга эга.

Hanil Cement компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, анъанавий қурилиш қоришмасини, инновацион қоришма билан тўлиқ алмаштириш натижасида карбонат ангидрид чиқиндиларини тахминан йил давомида 50 000 тоннага камайтиришга эришилади. Ушбу кўрсаткичнинг миқёсини тасаввур қиладиган бўлсак: бу – ҳар куни ўртача 35 километр йўл босадиган 16 000 га яқин енгил автомобилнинг йиллик чиқиндилари ҳажмига тенг[24].

Олтинчидан, аномал иссиқ кунларда, айниқса очиқ ҳавода ишлайдиган ходимлар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш чораларини кўриш лозим. Кўплаб мамлакатларда самарали усуллар аллақачон жорий этилган бўлиб,  мослашувчан иш жадвали, мажбурий танаффуслар, ичимлик суви билан таъминлаш ва сояли жойларга чиқиб туриш имкониятлари яратилган,  мазкур чоралар иссиқ об-ҳавонинг соғлиқ учун хавфини камайтиришга ва меҳнат қобилиятини сақлаб туришга ёрдам беради.

Сингапурда ҳарорат ўта юқори бўлганда, ҳар соатда камида 10 дақиқа сояли жойда дам олиш учун мажбурий танаффуслар берилади. Сурункали касалликларга чалинган ходимларга эса узоқроқ дам олиш вақти белгиланган[25].

Испанияда эса AEMET метеорология агентлиги томонидан жиддий ёки экстремал иссиқлик тўғрисида огоҳлантириш эълон қилган тақдирда, очиқ ҳавода айрим турдаги ишларни бажариш тақиқланади[26].

Еттинчидан, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришининг тезлашиши ва тупроқ сифатининг ёмонлашишини инобатга олиб, халқаро амалиётда қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланиб келинаётган биокўмир (biochar) ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш зарур. Органик чиқиндилардан пиролиз усули билан олинадиган биокўмир, тупроқнинг унумдорлигини тиклашга ёрдам беради ва тупроқда намликни сақлаб туриш хусусиятига эга, мазкур аралашма, айниқса сув танқис бўлган ҳудудлар учун муҳим ҳисобланади.

Халқаро тадқиқотларга қараганда, биокўмир билан бойитилган тупроқлар карбонат ангидрид (CО₂) ва азот оксиди (N₂О) чиқиндиларини 50-80 фоизгача камайтиради. N₂O иссиқхона гази бўлиб, CО₂ га нисбатан 310 баравар кучлироқдир[27].

Шунингдек, Эфиопияда гектарига 5 тонна миқдорида биокўмир асосидаги ўғит қўллаш натижасида дон ҳосилдорлиги 62 фоизга ва тупроқ биомассаси 33 фоизга ошишига олиб келди.

 


[3] https://www.vsemirnyjbank.org/ru/country/uzbekistan/publication/air-quality-assessment-for-tashkent

[4] https://documents1.worldbank.org/curated/en/099072524102521485/pdf/P1771081bdf0fa0cc1bc2b1c62c6703dd7b.pdf

[15] https://www.connexionfrance.com/news/explainer-frances-heatwave-plan-and-how-it-may-affect-residents/202490

[17] https://epha.org/the-impact-of-climate-change-on-health-in-italy-challenges-opportunities-and-isdes-role/#:~:text=Education%20and%20Training,health%20impacts%20of%20climate%20change.

[20] https://www.moe.gov.sg/news/parliamentary-replies/20230703-mitigating-hot-weather-situations

[21] https://www.globalwaterforum.org/2018/01/15/newater-in-singapore/

[22] https://www.pub.gov.sg/Public/WaterLoop/OurWaterStory/NEWater

[23] https://www.africarice.org/riceadvice

[24] http://koreabizwire.com/south-korean-cement-maker-pioneers-carbon-capturing-mortar/288972

[25] https://www.mom.gov.sg/newsroom/press-releases/2023/1024-enhanced-measures-to-reduce-heat-stress-for-outdoor-workers

[26] https://www.healthplanspain.com/blog/spain-news/1798-spain-to-ban-outdoor-work-during-extreme-heat.html

[27] https://biochar-us.org/soil-water-benefits-biochar


5
Похожие новости