• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

«ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИНИ ТИНГЛАБ» ТАДҚИҚОТИНИНГ НАВБАТДАГИ НАТИЖАЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 27 июнь куни «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Жаҳон банки ва Буюк Британиянинг ташқи, ҳамдўстлик ва тараққиёт бюросининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий ривожлантириш офиси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» тадқиқоти натижалари: Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, хорижий дипломатик корпус вакиллари, таҳлилий марказлар, маҳаллий ва халқаро экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирнинг очилишида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков кейинги йилларда амалга оширилган муҳим ислоҳотлар натижасига тўхталиб ўтди. Шунингдек, 2024 йилда ЯИМ ҳажми 115 миллиард долларга, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 3 093 долларга, хорижий инвестициялар ҳажми қарийб 35 миллиард долларга, «Яшил энергия» улуши 16 фоизга, мактабгача таълим ташкилотлари сони 37 мингтага, қамров даражаси 76,0 фоизга, бошқарувда аёллар улуши 35 фоизга етказилиши, инфляция даражаси 9,8 фоизга туширилиши, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни тизимли ҳал этиш бўйича «Xotinqizlar.uz» ягона интерактив миллий платформаси ишга туширилиши эътироф этилди.

Давра суҳбати давомида Жаҳон банки томонидан ҳар ойда ўтказиладиган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» сўровномасининг сўнгги натижалари тақдим этилди. Таъкидлаш жоизки, сўров Жаҳон банки томонидан 2020 йилдан буён Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув (EGED) дастури доирасида амалга оширилиб келинади.

Жаҳон банки томонидан 2025 йил май ойида йиғилган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» тадқиқоти (L2CU) натижаларига кўра, қуйидагилар қайд этилди:

- Ўзбекистонда аҳолининг умумий иқтисодий ҳолат ҳақидаги тасаввури барқарор ва юқори даражада сақланиб қолгани, жумладан, 2025 йил май ҳолатига 87 фоиз уй хўжаликларининг иқтисодий шароитлари яхшиланган;

- Фуқароларнинг иш жойларини йўқотишдан хавотирлари 2025 йил бошидан буён сезиларли даражада яхшиланиб, фуқароларнинг 33 фоизи иш жойини йўқотишдан хавотирда. Бироқ, одамларнинг турли даромад тоифаларидаги иш ўринларини йўқотиш ҳақидаги хавотирлари ҳали ҳам камбағал уй хўжаликлари орасида юқори эканлигини кўрсатмоқда. Маълумот учун: 2025 йил май ойида энг кам таъминланган 20 фоиз уй хўжаликларининг 46 фоизи ишини йўқотишдан хавотирда бўлса, энг бой 20 фоиз уй хўжаликларида бу кўрсаткич атиги 21 фоизни ташкил этмоқда;

- Миграция бўйича ҳар қандай муҳожирлари бўлган уй хўжаликлари 2025 йил бошидан бери 8 фоиздан 15 фоизгача ошган. Биринчи сабаби, Ўзбекистонда халқаро меҳнат миграцияси мавсумий характерга эга бўлиб, мигрантларнинг аксарияти баҳор ва ёзда хорижга ишлашга кетиши, қишда эса ватанига қайтишидир. Иккинчидан, давлат органлари кўникмалар ва тилларни ўргатиш орқали уюшган меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқдалар ва иқтисодий ривожланган мамлакатларнинг кенг доирасини қамраб олиш учун меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилиш устида фаол ишламоқдалар.

- Энергетика тарифларини ислоҳ қилиш бўйича фуқароларнинг фикрлари таҳлил қилинганида, L2CU сўрови натижаларига кўра, уй хўжаликлари орасида 2025 йилги тариф ислоҳоти ва ижтимоий меъёр ҳақидаги хабардорлиги юқори. Бироқ, улар компенсация чоралари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас, бунда фуқароларнинг бу борадаги хабардорлиги фуқароларнинг алоҳида мақсадли гуруҳларига тегишли хабарларни етказувчи оммавий кампания орқали яхшиланиши мумкин.  Бундан ташқари, L2CU сўрови шуни кўрсатдики, уй хўжаликлари тобора кўпроқ электр энергияси истеъмолини камайтириш учун энергия тежамкор қурилмаларга ўтишни кўриб чиқмоқда. Бу ерда инновацион хабарларга эътибор қаратиш орқали фуқароларнинг хоҳиш-истакларини ошириш мумкин.

Тадбирнинг яна бир қисми Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга бағишланди. Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича камбағаллик ва тенглик глобал бошқармаси амалиёт менежери доктор Амбар Нараяннинг фикрича, Ўзбекистон 2024 йилда Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ индексида сезиларли ютуқларга эришганини кўрсатди. Бундан ташқари, ҳукумат жорий йилда иш жойларида гендер тенглиги бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Шунингдек, Меҳнат кодексига жинсий зўравонлик ва болани парваришлаш таътиллари тўғрисидаги нормаларни киритди. Кўряпмизки, мамлакат бу соҳада намуна бўлиб, Марказий Осиёдаги ва ундан ташқаридаги қўшниларни ўз мамлакатларида аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш учун сиёсий ва ҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширишга илҳомлантирди.

Таъкидландики, Ўзбекистонда гендер тенглигини илгари суриш бўйича сезиларли сиёсий ислоҳотлар олиб борилган бўлса-да, уларни самарали амалга оширишни такомиллаштириш лозим.

Тадбир давомида Жаҳон банки томонидан 2022 йилда тасдиқланган ва 2023 йил 30 апрелдан кучга кирган янги Меҳнат кодексидан хабардорлик ва уни амалга ошириш ҳолатини таҳлил қилиш бўйича яқинда ўтказилган тадқиқот натижалари хусусий корхоналар ва фуқаролар нуқтаи назаридан тақдим этилди. Баъзи топилмалар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Янги Меҳнат кодексидан хабардорлик: 2023-йилги Меҳнат кодексидан хабардорлик фуқароларга (30%) нисбатан корхоналар (70%) орасида сезиларли даражада юқори бўлиб, бу фуқаролар ўртасида хабардорликни ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар зарурлигини кўрсатади.

Ишга қабул қилиш ва иш билан таъминлашда гендер тенглик: Бир хил кўникма ва малакага эга бўлган респондентларнинг 90 фоиздан ортиғи (корхоналар ва фуқаролар) аёллар эркаклар билан бир хил иш топиш имкониятига эга эканлигини, шунингдек, аёллар эркаклар билан бир хил маош олишларини тасдиқлайди. Бироқ, фуқаролар (16%) бундай имкониятга эга бўлган корхоналарга (38%) нисбатан аёлларнинг бошқарув лавозимларига эришиш имкониятларига кўпроқ оптимистик қарайди.

Ишга қабул қилиш эълонлари: Фуқаролар ҳам, корхоналар ҳам ишга қабул қилишда жинс ва ёшга оид талаблар мавжудлигини тасдиқлайдилар. Корхоналарнинг 50% дан ортиғи гендер афзалликларини кўрсатади ва 48% корхоналар иш жойида ёш мезонларини киритади.

Иштирокчилар, шунингдек, Олий Мажлис Сенати, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, «Ҳамроҳ» ва «Uzum» компаниялари вакиллари билан ўтказилган панель муҳокамасида Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш муаммоларини муҳокама қилдилар.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
 Ахборот хизмати