• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БУХОРОДА ҚАШШОҚЛИК ВА ТЕНГЛИКНИ БАҲОЛАШ БЎЙИЧА ҲУДУДИЙ МАСЛАҲАТЛАШУВ СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ

2025 йил 30 июнь куни Бухоро шаҳрида “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида қашшоқликни камайтириш ва ижтимоий тенгликни таъминлаш масалаларига бағишланган ҳудудий маслаҳатлашув семинари бўлиб ўтди. Тадбир Жаҳон банки, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинарда Бухоро вилояти ҳокимлиги раҳбарияти, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, маҳалла фаоллари — ижтимоий ходимлар, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ва солиқ хизмати ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган камбағалликни қисқартириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва ижтимоий тенгликни таъминлашга қаратилган миллий устувор йўналишларни ҳудудий даражада қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилди.

Семинар доирасида “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси, ҳудудий тенгсизлик, иқтисодий мобиллик ва қашшоқлик даражасини баҳолашга оид масалалар муҳокама қилинди. Вилоятда қашшоқликни камайтириш, бандлик имкониятларини кенгайтириш ва маҳаллаларда амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган тақдимотлар намойиш этилди.

Жаҳон банки етакчи иқтисодчилари — Икуко Уочи, доктор Вондимагегн Тесфае ва доктор Адесола Сунмони томонидан Ўзбекистонда қашшоқлик ва тенгликни баҳолаш бўйича сўнгги таҳлил натижалари тақдим этилди.

Унга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва фаровонликни ошириш йўлида сезиларли натижаларга эришилди. Хусусан, 2021 йилдан 2024 йилгача камбағаллик даражаси 17 фоиздан 8,9 фоизгача камайди ва 2,5 миллион киши камбағаллик чегарасидан чиқишга муваффақ бўлди. Бу жараёнда айниқса қишлоқ ҳудудларида ижобий силжишлар кузатилди, аҳолининг катта қисми иш ҳақи, қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнес даромадлари ҳисобига ўз турмуш даражасини оширди.

Шунингдек, ўртача табақа улуши 3 йил ичида 37 фоиздан 60 фоизга ошди, бу эса иқтисодий мобилликнинг кучайганини кўрсатади. Тошкент шаҳри юқори малакали ва расмий иш ўринлари орқали ўрта табақа кенгайишига катта ҳисса қўшди.

Тақдимотда аҳоли даромадлари ўртасидаги тенгсизлик, камбағал аҳолининг барқарор даромадга эга эмаслиги, чекка ҳудудларда инфратузилма етишмовчилиги ҳамда иқтисодиёт имкониятларидан тўлиқ фойдалана олинмаётганлиги билан боғлиқ айрим долзарб масалалар тилга олиниб, уларни бартараф этиш мақсадида қатор ёндашувлар таклиф қилинди:

Хусусан:

— ижтимоий ҳимоя дастурларини манзилли кучайтириш ва даромадларни адолатли тақсимлаш;

— чекка ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва иқтисодий имкониятларни кенгайтириш;

— ҳудудлар бўйлаб имкониятларни тенглаштириш учун ички миграция ва ишчи кучи мобиллигини рағбатлантириш;

— ўрта табақанинг барқарорлигини таъминлаш учун сифатли бандлик ва таълим имкониятларини кенгайтириш;

— рақамли тафовутларни қисқартириш орқали рақамли хизматлардан тенг фойдаланишни таъминлаш.

Ушбу ёндашувлар орқали Ўзбекистон барқарор ўсиш ва инклюзив фаровонликка эришишда янада самарали ҳаракат олиб бориши таъкидланди.

Тадбирда иштирокчилар ўртасида очиқ мулоқот ва маслаҳатлашувлар ўтказилди. Семинар якунларига кўра, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва Жаҳон банки амалиёт менежери доктор Амбар Нараян томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан хулосалар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати