• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ: “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАСИ

“Тараққиёт стратегияси” марказида ўтказилган “Таълим тизимини такомиллаштириш: мақсад ва вазифалар” мавзусидаги матбуот анжумани такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази масъуллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков олиб борган тадбирда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар уларнинг натижалари, ҳозирги кунда уни такомиллаштириш зарурати, бу борада олиб борилаётган ишлар, кейинги беш йилликда кўзланаётган марралар ҳақида сўз борди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатда иқтисодиётни либераллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш ҳамда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Бу борада 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг ўрта муддатга мўлжалланган устувор йўналишлари, мақсадлари ҳамда уларга эришиш бўйича самарадорлик кўрсаткичларини белгилаб берди. Бунда, барқарор иқтисодий ўсиш, янгича таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш давлат ва жамиятни модернизация қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Бироқ, бугунги кунда жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар, халқаро бозорлардаги тебранишлар, саноат ва технологияларнинг кескин ривожланиши, энергия бозорларидаги трансформация, глобал таъминот занжирларининг қайта шаклланиши Ўзбекистондан ҳам янги ёндашувларни талаб этмоқда.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши, унда белгиланган вазифаларнинг янгиланиши мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигида муҳим аҳамият касб этиши ҳамда лойиҳанинг муҳокамасида кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки белгиланаётган вазифаларнинг янада мукаммал ва халқчил бўлишини таъминлашига эътибор қаратди.

Тадбирда иштирок этган вазирлик ва идоралар вакиллари такомиллашаётган “Ўзбекистон-2030” стратегияси лойиҳасида кўрсатилган, ўз йўналишларига тааллуқли вазифалар ҳамда белгиланган кўрсаткичлар ҳақида тушунтириш бердилар.

Жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев таълим тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича амалга орилиши кўзда тутилаётган вазифалар хусусида маълумот берди. Хусусан, Стратегиянинг такомиллаштирилаётган лойиҳасида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик суви ва замонавий санитария гигиена инфратузилмаси билан 100 фоиз таъминлаш, таълим ташкилотларига ҳар йили 600 нафар “тил эгалари” бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган умумий ўрта таълим муассасалари улушини 100 фоизга етказиш, эҳтиёж юқори бўлган йўналишлар ва олис ҳудудлардаги абитуриентлар учун педагогик таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида тайёрланган кадрлар улушини 17 фоизга етказиш вазифаларига эришиш йўларини таҳлил қилиб берди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент раҳбари Абдусамад Маманазаров Стратегия лойиҳасида белгиланаётган мақсадли кўрсаткичларни таҳлил қилди. Жумладан, ўрта махсус таълим ва олий таълим тизимида янги услубларни жорий этиш орқали таълим самарадорлигини ошириш йўналишида касбий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва моддий-техника базасини такомиллаштириш кўрсаткичини 70 фоизга етказиш,14 та ҳудудий илғор касбий маҳорат техникумларини ва “Касблар шаҳарчаси”ни ташкил этиш, битирувчиларнинг ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш ва 1-3 йил давомида мутахассислиги бўйича ишлаш кўрсаткичини 70 фоизга етказиш, олий таълим ташкилотларининг халқаро аккредитaциядан ўтган таълим дастурларини 200 тага етказиш, давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган фундаментал тадқиқот лойиҳалари сонини 400 тага етказиш, илм-фан соҳасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоиз миқдоригача ошириш каби назарда тутилган кўрсаткичлар ўзининг нақадар катта аҳамият касб этишини тушунтирди.

Матбуот анжумани якунида журналистлар қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати