• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ХАЛҚАРО ЮРИСТЛАР КОМИССИЯСИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Женевага ташриф доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларининг Халқаро юристлар комиссияси (International Commission of Jurists — ICJ) Бош котиби Сантьяго А. Кантон ҳамда ташкилотнинг ҳуқуқий ва сиёсий масалалар бўйича катта директори Ян Зайдерман билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда ушбу йўналишларда халқаро экспертлик ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Халқаро юристлар комиссияси вакилларига мамлакатда конституциявий ислоҳотлар доирасида белгиланган принцип ва нормаларни амалиётга татбиқ этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятида инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича белгиланган мақсад ва вазифалар тақдим этилди.

Мулоқотда суд-ҳуқуқ тизимини изчил такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд қарорларининг сифати ва барқарорлигини ошириш йўналишларидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.

Маъмурий судларнинг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан ҳимоя қилишдаги ўрни ҳам муҳокаманинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Маъмурий судлов тизимини янада такомиллаштириш давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашувда 2026 йил 14 августда қабул қилинган “Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясининг устувор йўналишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Томонлар ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда халқаро экспертлар билан тизимли мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, ICJ билан мавжуд ҳамкорлик, жумладан, SHIELD лойиҳаси доирасида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари қарорлари ва махсус процедуралари тавсияларини миллий даражада самарали амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича ICJ билан ҳамкорликни аниқ амалий ташаббуслар асосида ривожлантириш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.

Биринчидан, “Одил судлов — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича доимий экспертлик мулоқоти механизмини йўлга қўйиш таклиф этилди. Ушбу формат доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази, ICJ ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли институтлари иштирокида стратегия ижросини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба нуқтаи назаридан мунтазам муҳокама қилиш кўзда тутилмоқда. Бунда суд мустақиллиги, одил судловга эришиш, маъмурий судлов, суд назорати, рақамли одил судлов ва инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича қўшма экспертлик тавсияларини ишлаб чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Иккинчидан, судьялар, адвокатлар ҳамда давлат органларининг юридик хизматлари учун халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларини амалиётда қўллашга қаратилган махсус дастур ташкил этиш таклиф қилинди. Дастур доирасида халқаро шартномалар, БМТ шартномавий органларининг ҳуқуқий позициялари ва халқаро стандартларни миллий суд амалиётида қўллаш масалаларини аниқ суд ишлари, қиёсий ҳуқуқий амалиёт ва модел суд жараёнлари асосида ўрганиш назарда тутилади.

Учинчидан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва одил судлов соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган йиллик экспертлар мулоқотини Женевада ташкил этиш ташаббуси билдирилди. Мазкур платформага БМТ тузилмалари, халқаро ҳуқуқшунослар, судьялар, академик доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини жалб этиш, “Ўзбекистон — 2030” ҳамда “Одил судлов — 2030” стратегиялари доирасида эришилган натижаларни тақдим этиш ва кейинги босқичлар бўйича халқаро экспертларнинг амалий тавсияларини олиш кўзда тутилади.

Учрашув якунида томонлар қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари йўналишидаги экспертлик мулоқотини давом эттириш, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни амалий лойиҳалар ва ташаббуслар билан бойитишдан манфаатдор эканини билдирдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Матбуот хизмати