• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН ВА ХИТОЙ: РАҚАМЛИ ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ ИСТИҚБОЛЛАРИ

2026 йил 27–30 октябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Шэньян шаҳрида “Глобал Жануб тараққиёти ва бошқарув” мавзусида Глобал Жануб таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди.

Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар департаменти, Ляонин провинцияси, Ляонин университети ҳамда Глобал Жануб таҳлил марказлари альянси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда турли мамлакатларнинг етакчи таҳлил марказлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва эксперт ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Глобал Жануб мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, давлат бошқарувини такомиллаштириш, рақамли трансформация ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов Ўзбекистонда рақамли трансформация йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳамда Хитой билан технологик ҳамкорлик истиқболларига бағишланган маъруза билан қатнашди.

Маърузада рақамлаштириш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиётини таъминлаш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашда муҳим омилга айланаётгани таъкидланди.

Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” ва “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиялари доирасида рақамли инфратузилмани ривожлантириш, давлат хизматларини модернизация қилиш ҳамда замонавий технологияларни иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётга кенг жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Бу борада электрон ҳукумат тизимининг кенгайиши, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 900 дан ортиқ хизматнинг тақдим этилиши, шунингдек, давлат бошқарувида маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш ва автоматлаштирилган механизмларни жорий этиш муҳим натижалар сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, 2030 йилга қадар сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси қабул қилингани ҳамда ушбу соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилаётгани ҳақида маълумот берилди. Жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланишга оид қонунчиликда шахсга доир маълумотларни ноқонуний қайта ишлаш учун жавобгарлик белгиланиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир қилувчи қарорларни фақат сунъий интеллект натижаларига асосланиб қабул қилишга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари ҳам маърузанинг муҳим қисмидан ўрин олди.

Хитой Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасидаги муҳим ҳамкорларидан бири экани қайд этилиб, “Рақамли ипак йўли” ташаббуси доирасида замонавий инфратузилмани шакллантириш, илғор технологиялар трансферини жадаллаштириш ва қўшма инновацион лойиҳаларни ривожлантириш имкониятларига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, “Самарқанд–2028” сунъий йўлдоши лойиҳаси мамлакатнинг космик технологиялар ва рақамли инфратузилма соҳасидаги салоҳиятини оширишга хизмат қилиши мумкин бўлган истиқболли ташаббуслардан бири сифатида тилга олинди.

Форум доирасидаги мулоқотларда рақамли инвестициявий шерикликни мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инновацион ривожланиш бўйича халқаро тажриба алмашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Тадбир якунида таҳлил марказлари ўртасида мунтазам экспертлар мулоқотини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг амалий механизмларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати