Жорий йилнинг 14 февраль куни «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида «Тараққиёт стратегияси» маркази, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси: Ҳаракатлар Стратегиясининг 3 йиллик самараси ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар» мавзусида халқаро форум ташкил этилди.
Халқаро форумда давлат бошқаруви органлари, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари, ёшлар, экспертлар, мутахассислар, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Форумни «Тараққиёт стратегияси» маркази Ижрочи директори Элдор Туляков очиб берди. У ўз кириш сўзида Ўзбекистон бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан жадал тараққий этаётган, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларига эришаётган, энг асосийси, аҳолининг ҳаёт даражаси изчил юксалаётган мамлакат сифатида эътироф этилаётганини қайд этди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков: “Ҳаракатлар стратегияси” бугунги глобаллашув шароитида жаҳонда туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда, Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг яқин истиқболга мўлжалланган муҳим миллий стратегик ҳужжатидир. Мазкур ҳужжат, мана тўртинчи йилдирки, мамлакатда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва ҳимоялаш, энг асосийси, халқни рози қилиш ва аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш йўлида устувор аҳамият касб этиб келмоқда.
“Минтақавий мулоқот” филиалининг Ўзбекистондаги раҳбари Петра Горьюп:
“Тараққиёт стратегияси” марказини ташкил этилган куни муносабати билан табриклайман.“Минтақавий мулоқот” Марказ иш бошлаган илк кунларданоқ ҳамкорликни ривожлантирган халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ташкилотнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг умумий саъй-ҳаракатларига қўшган ҳиссасини жуда яхши биламиз. Биз бугунги кунда интилаётганимиздек, жамоатчилик муҳокамалари барчани бирлаштирмоқда ва улар ташаббус ҳамда муаммоларни ҳал этиш чораларини излаши учун майдонга эга.
Форум давомида Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги энг ёрқин ислоҳотлар ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан тайёрланган «Ҳаракатлар Стратегияси билан 3 йил: кутилган натижалар, юқори самарадорлик ва юксак марралар» номли рисоланинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Таъкидландики, ушбу қўлланмада Давлат дастурлари ижросининг таҳлили, қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятлар батафсил акс эттирилган.

Халқаро форум ўз ишини Ҳаракатлар стратегиясининг 5 та устувор йўналиши кесимида давом эттирди. Маърузчилар ўз тақдимотларида тегишли вазирлик, идора ва давлат органлари тизимида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот беришди.
Хусусан, Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов ҳозирда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида” Кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ва бу ҳужжат орқали кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари яхлит ҳолга келтирилиши, бу билан эса тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар бартараф этилишини қайд этди. Бундан ташқари, тез орада кодекс лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини ҳам таъкидлади.

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев:
Ҳаракатлар стратегияси доирасида прокуратура органлари жиддий чекланди. Ўтган 3 йилда 1910 та оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, уларнинг 566 таси прокуратура протестлари билан бўлди. Бу жамиятдаги ўзгаришларнинг ёрқин далилидир. Прокуратура органлари Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида 28 та тадбирни амалга оширишни режалаштирган. Албатта, булар халқ манфаатини таъминлашга хизмат қилади”.

Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Содиқов:
2020 йил 1 апрелдан бошлаб шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан шахс ушланганда унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларига, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият юкланади. 2020 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқни чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жумладан шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз сўзида ўқитувчи мақомини ошириш ва таълим сифатини кўтариш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.
“Ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1,5 баробарга ошди, ўқитувчилар касбга тааллуқли бўлмаган ишлардан озод қилинди. Ўқитувчиларнинг ҳисоботлари 7 тадан 3 тага камайтирилди. Ўзавтосаноат компанияси томонидан 4 306 нафар ўқитувчилар учун автокредит берилди. Олий маълумотли ўқитувчилар улуши 88 фоизга етди. 5 057 нафар битирувчилар олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланди. 4 788 нафар мактаб директорлари менежерлик курсларида ўқитилди”, - деди Шерзод Шерматов.
Шунингдек, тадбирда қайд этилишича сарҳисоби юритилаётган сўнгги 3 йилликда Парламент ва сиёсий партияларнинг роли янада кучайтирилди. Олий Мажлис палаталари фаолиятида энг муҳим ўзгариш ‒ бу Парламент, шунингдек, депутат ва сенаторларнинг фақат киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланмасдан, бевосита жойларга бориб, халқнинг турмуш даражасидан хабар олиш, уни қийнаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда иштирок этишлари бўлди. Қонунчилик палатасида «Ҳукумат соати» амалиёти йўлга қўйилиб, ҳар икки палатада Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил этилди. Қолаверса, халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини аниқлаш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, 2018 йилда 37 турдаги давлат хизматларини кўрсатган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 130 тага етди.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида Олий суд фаолияти такомиллаштирилди, иқтисодий ва маъмурий судлар ташкил этилди. Барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органларининг аҳоли олдида мунтазам ҳисобот бериш тизими жорий этилди.
Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишида валюта бозори либераллаштирилмоқда, божхона тўловлари ставкалари икки бараварга камайтирилди. Янги солиқ концепцияси амалиётга жорий этилди ва изчил солиқ ислоҳотлари амалга оширилди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тагача қисқартирилди ва жисмоний шахсларнинг даромадларига олинадиган солиқ ставкаси 12 фоиз этиб белгиланди.


Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўйича мамлакатнинг туристик салоҳияти сезиларли даражада ошгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилишича, 2019 йилда 6,7 млн нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди ва бу 2016 йилга нисбатан 4,7 млнга кўп. Талим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим қамрови 52 фоизга етган. 2019 йилда 4 та Президент мактаби ва 3 та Ижод мактаби иш бошлади. ОТМга қабул жами 146 минг 500 нафарга етди.
Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишида Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўз позициясини билдириш имконияти кенгайди. 2018 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг махсус “Маърифат ва диний бaғpикeнглик” резолюцияси қабул қилинди. Мазкур резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилинди.
Халқаро форум очиқ мулоқот руҳида ўтказилиб, ҳар бир маърузадан сўнг қизғин муҳокамалар ўтказилди. Анжуман давомида хорижий ва маҳаллий экспертлар ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашишди.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска:
Анжуманда иштирок этаётганимни жуда мамнунман. Ўзбекистон ва Марказ учун юқори аҳамиятга эга бўлган байрам билан табриклайман. Энг аввало, мазкур бахс-мунозара майдони яратилганини, биз эшитмоқчи бўлган очиқлик, тавсиялар олиш ва халқаро стандартларга амал қилиш жараёнини қадрлашимни айтмоқчиман. Президент таъкидлаганидек, Ҳаракатлар стратегияси муҳимлигининг асосий сабабларидан бири нафақат иқтисодий ислоҳотларга алоҳида эътиборни қаратиш, балки ҳукумат, суд-ҳуқуқ ва адолат, коррупцияга қарши кураш каби йўналишларни ривожлантириш орқали иқтисодий барқарорликка эришиш бўлган.
Форум якунида «Тараққиёт стратегияси» марказининг 3 йиллик мониторинг, таҳлил ва Давлат дастурлари ижроси бўйича кенг жамоатчиликни хабардор этиш бўйича фаолияти ҳақида тайёрланган ролик намойиш этилди. Унда қайд этилишича, Марказ дунёдаги кўп йиллик тажрибага эга ва ўз сафида кучли мутахассисларни жамлаган ақл марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтирмоқда. 3 йил ичида имзоланган меморандумлар сони эса 58 тани ташкил этди, шундан 18 таси, айнан 2019 йилга тўғри келмоқда.
Анжуман сўнгида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга доир якуний ҳулосалар билдирилиб, асосий эътибор халқаро ва маҳаллий экспертларнинг ўзаро фикр алмашишига қаратилди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати