• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: ЁШЛАР УЧУН ҚЎШИМЧА ИМТИЁЗ ВА СУБСИДИЯЛАР АЖРАТИЛАДИ


2021 йил — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 235-бандида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент грантини жорий этиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан мазкур банд ижроси таъминланди.

Фармон билан ёшларга қуйидаги имтиёз ва субсидиялар ажратиш назарда тутилган:

— “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

— “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади;

— ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия берилади;

— 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредити берилади;

— Давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилади;

Бунда, нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасалари рўйхати Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аниқланади ва унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

— Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар ҳамда давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати шакллантирилади. Шакллантирилган рўйхат бўйича, ойлик устамалар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча равишда ҳар ой тўлаб борилади;

— 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танловлари ташкил этилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар берилади. Танловда қатнашган энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача грант маблағлари берилади ва улар 2022-2023 йилларда Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм миқдорида қўшимча ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон орқали ёшларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароитини яратиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ҳаётга тадбиқ этилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати