• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ АФҒОНИСТОН БЎЙИЧА ЯКДИЛ ФИКРДА
1929 | 21 Авг. 2021 й.

Искандар Ўроқбоев,
“Тараққиёт стратегияси” Маркази
Лойиҳалар билан ишлаш бўлими
бош мутахассиси


Сўнгги вақтларда Афғонистонда юз бераётган ўзаро келишмовчиликларнинг ортиб бориши, тинч аҳолининг ўққа тутилиши ва бегуноҳ болаларнинг уруш қурбони бўлаётганлиги нафақат Марказий Осиё давлатлари балки Халқаро ташкилотларнинг ҳам ташвиш билдиришига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, Афғонистонда тинчликка эришиш борасида Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон томонидан амалий ишлар олиб борилаётганлигини этироф этмоғимиз лозим.

Бу борада Ўзбекистон ҳар қачонгиданда фаол бўлган ташқи сиёсатни юритмоқда. Хусусан, 2017-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи — Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар доирасида президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсатдаги бош устувор йўналиш сифатида Марказий Осиё давлатлари ўртасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини яратиш сиёсати олиб борилмоқда.

Жумладан, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги, 2017 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференциядаги, 2018 йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги Афғонистон бўйича халқаро конференциясидаги чиқишларида ҳамда 2018 йил 15 март куни Остона шаҳрида, 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи ва иккинчи Маслаҳат учрашувларидаги нутқларида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларини тиклашга оид таклиф ва тавсиялари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, бундай фаол минтақавий стратегик ташқи сиёсат бугунги пандемия даври чекловларига қарамасдан изчиллик билан давом эттирилмоқда. Жумладан, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 15-16 июль куни Тошкентда ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференциясида Афғонистон масаласида нафақат Марказий Осиё, шу билан бирга, Жанубий Осиё давлатлари якдиллик намойиш этиб, икки минтақа ўртасида ҳамкорликни тиклаш, бу масалада Афғонистоннинг ўрнини жуда ҳам муҳим эканлиги алоҳида эътироф этишди.

Орадан қисқа вақт ўтиб, мазкур конференцияда эришилган ютуқларнинг давоми сифатида “Аваза” Маслаҳат учрашуви ташкил этилди. Ушбу Маслаҳат учрашувида ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан бири сифатида Афғонистон масаласида якдил ёндашувга келишиш, минтақада янгича сиёсий муҳит пайдо бўлишида ушбу давлатдаги ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг муҳимлиги муҳокама қилинди.

Хусусан, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилган Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Наталья Герман хоним ҳам иштирок этди.

Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бутун минтақамиз хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан қўшни Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл орқали тартибга солиниши билан бевосита боғлиқлиги ҳамда ўт очиш ва зўравонликни тўлалигича тўхтатиш, музокаралар асосида барча томонлар учун мақбул бўлган келишувга эришилиши кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан минтақада тинчлик, яхши қўшинчилик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш кераклиги, бу каби халқаро даражадаги учрашувларда минтақа давлатларининг ҳамжиҳатликдаги фикрлари бир жойдан чиқиши манфаатлар нуқтаси бир жойда кесишишига омил бўлишини таъкидлади. Бу эса Марказий Осиёнинг яқин келажакдаги иқтисодий-ижтимоий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўзаро ишонч ва дўстона асосда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашувида Афғонистон бўйича қарашларни ўзаро бирлиги, минтақада янги превентив дипломатиянинг ҳукм суришига ҳамда ушбу масалада янги тенденциялар ва стратегияларни ишлаб чиқишга туртки бўлмоқда.

Муҳтасар айтганда, Афғонистонда тинчлик ва фаравонликни таъминлаш Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, шу билан биргаликда трансафғон “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўл лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради. Мазкур лойиҳа орқали икки минтақа давлатларининг ижтимоий-иқтисодий, савдо-сотиқ, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигининг ривожланиши фақат ва фақат минтақа халқларининг фаравонлигини таъминлашга хизмат қилади.


3
Похожие новости