• Ўзбек
  • Давлат дастури
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ МИНТАҚАВИЙ ТРАНСФОРМАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Жорий йилнинг 25-26 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасининг пойтахти Бишкек шаҳрида жойлашган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Академиясида «Марказий Осиёда минтақавий трансформация» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

ЕХҲТ Академияси ва Германиянинг Фридрих Эберт номидаги Фонд томонидан ташкил этилган халқаро конференцияда Марказий Осиё давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат экспертлар иштирок этиб, Марказий Осиёда жадаллик билан рўй бераётган ўзгаришлар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, ушбу конференцияда «Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Фаррух Хакимов «Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланишида рақамли иқтисодиёт» мавзусида маъруза қилди.

Ф.Хакимов ўз маърузаси давомида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиётида самарали рақамлаштириш ва ахборотлаштириш сиёсатининг аҳамияти, соҳадаги муаммолар ва истиқболли лойиҳалар ҳамда рақамлаштириш бўйича миллий тараққиёт стратегияларини такомиллаштириш бўйича таклифларини минтақа ва жаҳоннинг етакчи экспертлари эътиборига ҳавола қилди.

Хусусан, маърузачи томонидан Марказий Осиёда рақамли иқтисодиёт ва рақамлаштириш соҳасида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида минтақа давлатлари ўртасида савдо муносабатлари ва божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда «электрон ҳужжатлар» ва масофадан кўрсатиладиган электрон хизматларни кенг жорий қилиниши мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Ф.Хакимов халқаро конференция иштирокчиларига Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва ахборотлаштириш, жумладан «Рақамли Ўзбекистон – 2030» миллий cтратегияси ҳамда ёшлар ва аҳолини ахборот технологияларига ўқитиш бўйича амалга оширилаётган «Бир миллион дастурчи» лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтди.

Амалий ташаббусларга бой бўлган конференция якунида иштирокчилар томонидан Марказий Осиё минтақасида содир бўлаётган жараёнларга нисбатан аниқ позиция ва ёндашувларини ишлаб чиқишда бу каби учрашувларнинг ўрни ғоятда муҳимлиги эътироф қилиниб, кун тартибидаги масалалар юзасидан билдирилган фикр ва таклифларни амалиётга жорий этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати