• Ўзбек
  • Давлат дастури
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ: БЕШ ЙИЛЛИК НАТИЖАЛАР САРҲИСОБ ҚИЛИНДИ
851 | 06 Окт. 2021 й.

Жорий йилнинг 5 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Тараққиёт стратегияси» маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигида «Ўзбекистон: беш йил ичидаги жадал ислоҳотлар» мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчилари, халқаро ва маҳаллий экспертлар, мутахассислар ҳамда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда маърузачилар томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари бўйича тақдим қилган таҳлилий ҳисоботлар, фуқаролик жамият вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертларнинг баҳолари ва фикрлари тингланди.

Жумладан, Европа Иттифоқи Делегациясининг бошлиғи Шарлотта Адриан, Европа Кенгашининг Венеция комиссиясининг вице-президенти Филип Димитров, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонасининг раҳбари Алкис Дракинос ва JICA ваколатхонасининг раҳбари Сугуру Миядзаки, ЕХҲТнинг лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Ханс-Ульрих Им ва бошқалар Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотларнинг натижалари ҳамда мамлакатда бошланган ислоҳотларни давом эттириш бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва тавсияларини тақдим этишди.

Тадбир давомида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган барча ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақидаги маълумотларни содда ва оммабоп кўринишда ўз ичига жойлаган Reforms.uz электрон платформаси ва унинг ишлаш механизимлари тақдимоти ўтказилди.

– Мазкур платформани яратиш жараёнида, «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг (СМТИ) мутахассислари ниҳоятда катта маълумот ҳажмини – ҳам давлат органларининг расмий рақамлари ва статистикасини, ҳам халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларини, хорижий экспертлар ва фуқаролик жамиятининг баҳолашларини ўрганиб чиқди. Жумладан, 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралар томонидан тақдим қилинган 1 200 дан зиёд ҳужжатлар ичидан 400 дан ортиқ энг муҳимлари саралаб олиниб, ушбу маълумотлар барча учун тушунарли бўлган халқона тилда платформага жойлаштирилди.

Эндиликда, Reforms.uz платформаси орқали мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўзини қизиқтирувчи муайян мавзу бўйича ислоҳотларнинг натижаси билан танишиб чиқиши мумкин. Платформадаги барча рақамлар таққосланувчи шаклда келтирилган бўлиб, кузатувчилар 1991 йилдан 2016 йилгача ва 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган вақт оралиғидаги барча маълумотларни таққослаб кўришлари мумкин. Энг муҳими, маълумотлар платформага ўзбек, рус ва инглиз тилларида жойлаштирилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи устувор йўналиши Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш борасида бир қатор маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, 110 та самарасиз фаолият кўрсатаётган идоралараро органлар фаолияти тугатилди. 10 та янги вазирлик ва идоралар тузилиб, 6 та давлат функцияси хусусий секторга ўтказилди.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Улар аҳоли билан бевосита мулоқотни, тезкор жавоб беришни ва жойларда муаммолар ҳал этилишини таъминлаб келмоқда. 2017 йилдан 2020 йилгача улар орқали 10,1 млн. мурожаатлар ўрганилиб ижобий ҳал этилган.


Бюрократияга қарши курашиш натижасида давлат хизматларидан фойдаланиш учун зарур бўлган ҳужжатлар сони 2 баробарга (167 дан 79 гача) қисқартирилди. 4 йил ичида «Ягона дарча» тамойили асосида тақдим этиладиган хизматлар сони 10 баробарга (16 дан 157 гача) ошди.


Конференцияда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов томонидан Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш учун изчил равишда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб 5 та давлат дастури қабул қилгани, уларни амалга оширишга 114 трлн. сўм ва қарийб 31 млрд. АҚШ доллари йўналтирилганлиги, Ўзбекистонни ривожлантириш учун жами 118 та фунтаментал ғоя илгари сурилгани ҳамда ўтган даврда Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш учун 311 та қонун 2000 га яқин Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, 3000 дан зиёд Ҳукумат қарорлари қабул қилинганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.


Олий суд раиси Козимжон Комилов
ўз чиқишида суд тизимида амалга оширилган бир қатор ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Унда эътироф этилишича, 2018 йилда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) ишларини кўриб чиқиш учун маъмурий судлар тузилди. Маъмурий судлар томонидан 2017 йилдан 2021 йилнинг сентябрига қадар 68 мингта ариза кўриб чиқилиб, 44,3 мингтаси қондирилди, хусусан ҳокимларнинг 5,3 мингта қарори ноқонуний деб топилди.

2017–2020 йилларда республиканинг ташқи савдо айланмаси 1,4 баробарга ўсди, инфляция даражаси 18,8% дан 11,1% гача пасайди, олтин-валюта резервлари 26,4 млрд. доллардан 34,9 млрд. долларгача ошди.



Ўзбекистон барча экспорт қилинадиган товарлар ва хизматлар бўйича божхона божларини бекор қилди, экспорт ва лицензиялаш тартиби амалларини соддалаштирди, 60% импорт қилинувчи товарлар учун божхона божларининг «ноль» ставкаларини белгилади ва импорт божхона божлари ставкаларини 6,45% гача камайтирди. Ислоҳотлар натижасида кичик бизнес сектори сезиларли даражада ўсди: 2016 йилда республикада 27 минг, 2020 йилда эса – 93 минг кичик тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилди.

2017–2020 йилларда Ўзбекистон дори-дармонлар ва тиббий мақсадли буюмлар учун 1618 млрд. сўм ажратди (1991-2016 йилларда 227 млрд. сўм бўлган). Улардан 61,6 млрд. сўм қисми онкологик касалликларни даволаш учун дориларга (1991-2016 йилларда 8,3 млрд. сўм), 217,4 млрд. сўм – гематология ва онкогематология учун дориларга (1991-2016 йилларда 2,8 млрд. сўм) йўналтирилган.




Халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар натижасида 2017–2020 йилларда 328 та янги мактаб барпо этилди ва 11 йиллик мажбурий мактаб таълими тикланди.

Мактабгача таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. 2016 йилда 5,2 минг болалар боғчалари фаолият юритган бўлса, 2020 йида улар 18,3 мингга етди (шу жумладан давлат боғчалари сони 5 мингдан 6,2 минггача ошди). Болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши даражаси 2020 йилда 61% га етди, 2016 йилда эса 27,7% бўлган эди.

Ўзбекистонда қамбағалликни қисқартириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда: қамбағаллик даражаси 2000 йилдаги 28% дан 2020 йилда 11% гача қисқарди. Кам таъминланган оилалар болалар боғчалари учун тўловлардан озод этилган, кам таъминланган оилаларнинг болалари бўлган мактаб ўқувчилари мавсумий кийим билан таъминланмоқда.
Тадбирда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш борасида амалга оширилган ишларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Жумладан, Ўзбекистон биринчи марта диний масалалар бўйича «алоҳида хавотир уйғотувчи» давлатлар рўйхатидан чиқарилди. Қўшни давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланиб, чегаралар ҳамда сув-энергетик ресурслардан фойдаланишга оид масалалар тартибга солинди.

Ҳозир Ўзбекистонда 86 та давлат фуқаролари учун визасиз режим амал қилади (2016 йилда у 9 та давлат учун амал қилар эди), республикамиз халқаро рейтингларда бир нечта позицияга юқорироқ кўтарилди.
 

Ўзбекистоннинг мудофаа салоҳияти мустаҳкамланди: контракт асосидаги ҳарбий хизматчиларнинг улуши 68% гача ўсди (2016 йилда 37%), қўшинларнинг замонавий қурол-яроғ билан жиҳозланиши даражаси 5 баробарга ортди.

Шунингдек, халқаро конференция иштирокчилари томонидан “Ҳаракатлар стратегияси” бугунги глобаллашув шароитида жаҳонда туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда, Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг яқин истиқболга мўлжалланган муҳим миллий стратегик ҳужжати эканлиги амалда тўлақонли ўз аксини топганлиги эътироф этилди.


Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчилар сессияларга бўлинган ҳолда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга мўлжалланган бешта йўналиш доирасида соҳа мутахассислари билан эришилган натижаларни таҳлил қилишди, галдаги вазифалар юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқишди.

Ҳар бир сессия якунида қизғин муҳокамалар ўтказилди. Конференция якунида хорижий ва маҳаллий экспертлар ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати


3
Похожие новости