
Сув ресурслари тақчиллиги кучайиб бораётган шароитда сувни тежаш ва унинг исрофгарчилигини камайтириш орқали сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, айни пайтда, бу бўйича салмоқли тажриба тўплаган Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (ФКАДҲК) мамлакатлари тажрибаси Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкин.
I. Ўзбекистон ва ФКАДҲК мамлакатларининг мавжуд сув ресурслари ва самарадорлик кўрсаткичларининг қиёсий таҳлилига кўра,
- Ўзбекистонда сувдан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги (бир куб метр сувдан яратиладиган иқтисодий қиймат[1]) жуда паст ($2,6/м³) бўлиб, бу ФКАДҲК мамлакатларига (БАА – $89,6/м³, Қатар – $191,7/м³, Саудия Арабистони – $28/м³) нисбатан жуда кам эканлигидан далолат бермоқда;
- Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тикланадиган сув ресурслари ФКАДҲКга нисбатан сезиларли даражада кўп (Ўзбекистонда - 1400 м³/йил[2], ФКАДҲКда - <100 м³/йил), лекин Ўзбекистон ҳам сув стресси[3] ҳолатида ва ресурсларининг 80%дан ортиғини ташқи (трансчегаравий) манбалардан[4] олади. ФКАДҲК эса асосан денгиз сувини чучуклантириш ҳамда ер ости сувларига таянади;
- Ўзбекистонда сувнинг аксарият қисми (~87%)[5] қишлоқ хўжалиги (ирригация) учун ишлатилади. ФКАДҲКда эса асосий истеъмол шаҳар коммунал эҳтиёжлари ва саноатга тўғри келади[6];
- Ўзбекистонда энг катта муаммо – ирригация тизимларининг паст самарадорлиги (ФИК-0,63)[7] ва улардаги улкан йўқотишлардир. ФКАДҲКда эса асосий чақириқ – чучуклантиришнинг юқори энергия сарфи ва аҳолининг ўта юқори сув истеъмолидир[8]. Шу билан бирга, ФКАДҲК мамлакатлари шаҳар тармоқларидаги йўқотишларни (NRW) камайтиришда катта ютуқларга эришилган[9].
- ФКАДҲКда эса тозаланган оқова сувлардан фойдаланиш (~1,8 млрд.м³/йил)[10] чучук сувни тежашнинг муҳим йўналишига айланган. Ўзбекистонда эса асосан коллектор-зовур сувларидан қайта фойдаланиш (~1,6 млрд м³/йил)[11] мавжуд бўлиб, коммунал оқова сувларни тозалаб, кенг миқёсда қайта ишлатиш амалиёти ҳали ривожланмаган.
Сувдан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги
(1 м³ яратиладиган иқтисодий қиймат)
|
Қатар |
$191,7 |
|
БАА |
$ 89,6 |
|
Саудия Арабистони |
$ 28 |
|
Ўзбекистон |
$ 2,6 |
II. Ўзбекистоннинг сув йўқотишларининг кўлами таҳлили шуни кўрсатмоқда-ки, Ўзбекистоннинг эскирган ва катта қисми тупроқ ўзанли ирригация тармоқларида (ФИК - 0,63) сувнинг тахминан 40% гача бўлган қисми фильтрация (сингиш)[12], буғланиш ва бошқа техник сабабларга кўра йўқотилади, бу йилига (йилига суғоришга ўртача 40-41 млрд м³ сув олинишини ҳисобга олсак) 15-16 млрд. м³ атрофидаги сувнинг беҳуда сарф бўлишини[13] англатади. Бунга сув омборлари (ФАО маълумотига кўра, 22 млрд м³дан ортиқ[14]) юзасидан буғланиш (~10% буғланиш)[15] ҳисобига йўқотиладиган тахминан 2 млрд. м³ сувни ҳам қўшиш мумкин.
Ўзбекистонда биргина ирригация тизимларида йўқолаётган сув ҳажми (15-16 млрд м³) Саудия Арабистонининг бутун қишлоқ хўжалиги бир йилда истеъмол қиладиган сув ҳажмига (~21,2 млрд. м³) деярли тенгдир! Ваҳоланки, икки мамлакат аҳолиси сони деярли бир хил (~37 млн.киши)[16], лекин Саудия Арабистонининг иқтисодий салоҳияти (ЯИМ ҳажми) Ўзбекистонникидан қарийб 11 баравар юқори[17].
III. ФКАДҲК мамлакатларининг тажрибаси шуни кўрсатадики, рақамли технологияларни мақсадли қўллаш, маълумотларга асосланган бошқарувга ўтиш ва институционал ислоҳотларни биргаликда амалга ошириш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш мумкин, хусусан:
3.1. Қишлоқ хўжалигида сувни тежашни ҳақиқий иқтисодий рағбатлантириш механизмларини яратиш, бунда сув олиш нуқталарида сув сарфини ҳажм бўйича ўлчайдиган арзон ва ишончли рақамли (масалан, "smartsticks" каби[18]) қурилмаларни босқичма-босқич кенг жорий этиш, ушбу қурилмалардан олинган маълумотларни ягона электрон платформага автоматик узатиш тизимини йўлга қўйиш, сув етказиб бериш хизмати учун олинадиган тўловларни сувнинг ҳажмига боғлаш механизмини тажрибадан ўтказиш, технологияни ўрнатгани учун эмас, балки уни ишлатиб, аниқ натижа кўрсатгани учун қўшимча рағбат бериш (сув исрофгарчилигининг 25-35% гача камайиши, ва бунинг ҳисобига йилига 3-5 млрд м³ гача сув иқтисод қилиниши имконияти[19]).
Маълумот учун: Ўзбекистонда одатда фермерлар сув тежаш усулларини билган ҳолда, лекин аниқ ҳисоб-китоб ва молиявий манфаатдорлик бўлмагани учун уларни қўллашмайди. ФКАДҲК мамлакатларида (айниқса шаҳарларда) ақлли ҳисоблагичлар орқали истеъмолни аниқ ўлчаш талабни бошқаришда муҳим роль ўйнайди. Сув асосан давлат томонидан субсидияланса-да, истеъмол ҳажмини билиш ва унинг нархини ҳис қилиш тежамкорликка ундайди. Шунингдек, Қатарнинг "Таршид" дастури каби ташаббуслар рақамли маълумотлар асосида истеъмолчиларни хабардор қилиш ва рағбатлантириш орқали сезиларли натижа берган[20].
3.2. Йирик шаҳарлар ва саноат зоналари атрофида тозаланган оқова сувлардан техник мақсадларда (саноат, шаҳар атрофини яшил белбоғ қилиш, яшил ҳудудлар, эҳтимол, техник экинлар) фойдаланиш бўйича иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган намунавий лойиҳаларни амалга ошириш (йилига 1 млрд м³ дан ортиқ чучук сувни тежаш имконияти[21]).
Маълумот учун: ФКАДҲК тажрибаси, хусусан БААнинг 100%га яқин қайта фойдаланиш амалиёти тозаланган оқова сувларининг чучук сувни тежашдаги улкан салоҳиятини кўрсатади[22].
3.3. Қишлоқ хўжалигида замонавий сув тежовчи суғориш усулларини (томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни) кенг миқёсда жорий этишни жадаллаштириш ҳамда уларни илғор агротехник тадбирлар (жумладан, мульчалаш ва суғориш режимларини оптималлаштириш) билан биргаликда комплекс қўллаш (сув сарфини узоқ муддатда йилига 5-7 млрд м³ гача камайтиради[23]).
Маълумот учун: ФКАДҲК мамлакатлари (айниқса, Саудия Арабистони, БАА, Уммон) ушбу амалиётни стандарт амалиёт сифатида кенг қўллаган ҳолда, улар бу технологияларни такомиллаштириш ва автоматлаштиришга (масалан, IoT датчиклари, мобил бошқарув) катта инвестиция киритган. Бу технологиялар сув сарфини 50% дан 70% гача камайтириши мумкин.
Кўплаб халқаро тадқиқотлар (жумладан, Эрон каби Ўзбекистонга иқлими яқинроқ мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар) томчилатиб суғоришнинг суғориш самарадорлигини 80-90% гача, ёмғирлатиб суғоришни эса 60-75% гача оширишини тасдиқлайди. Мульчалаш буғланишни 30-50% гача камайтириши, оптимал дефицитли суғориш эса ҳосилдорликни сезиларли пасайтирмасдан сув сарфини 10-20% га қисқартириши мумкинлиги илмий асосланган[24].
3.4. Ирригация тизимларидаги улкан сув йўқотишларини камайтириш учун магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг физик ҳолатини яхшилаш (босқичма-босқич бетонлаш/қувурларга ўтказиш) ишларини рақамли диагностика натижаларига асосланган ҳолда амалга ошириш ҳамда сувни бошқариш ва тақсимлашни замонавий рақамли тизимлар орқали (SCADA, сенсорлар, ГАТ-асосидаги воситалар, масофадан зондлаш) интеграциялашган ҳолда такомиллаштириш (йўқотишларини 20-30% гача, йилига 3-5 млрд м³ гача камайтиради, таъмирлаш харажатларини оптималлаштиради[25]).
Маълумот учун: Ўзбекистонда сувни тақсимлаш кўпинча қўл меҳнати ва эскирган усулларга таянилади, бу эса аниқлик ва самарадорликни пасайтиради. ФКАДҲКда ҳар қандай муҳим канал ёки қувур тизимларини бошқаришда SCADA тизимларидан фойдаланилади, Саудия Арабистони ва БАА инфратузилмани бошқаришда ГАТ ва масофадан зондлаш маълумотларини қўллайди, Уммоннинг қувурлардаги йўқотишларни дрон ва сунъий йўлдош орқали аниқлаш тажрибаси технологиянинг имкониятларини кўрсатади.
3.5. Сув ресурсларини бошқаришда маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишни таъминлаш учун "Сув маълумотлари миллий платформаси"ни яратиш.
Маълумот учун: ФКАДҲК мамлакатлари (Саудия Арабистони, БАА, Қатар) маълумотларни шунчаки йиғиш эмас, балки уларни марказлашган платформаларда (масалан, БАА FCSC портали, Қатар IWIS) бирлаштириш ва илғор таҳлил, AI/ML воситалари орқали талабни прогнозлаш, тармоқларни оптималлаштириш, ресурсларни тақсимлаш учун фаол фойдаланмоқда.
[1] ФАО AQUASTAT маълумотлар базасига кўра, https://www.fao.org/aquastat/en/databases/maindatabase/
[2] ФАО AQUASTAT маълумотлар базасининг Аҳоли жон бошига қайта тикланадиган умумий сув ресурслари (“Total renewable water resources per capita”) кўрсаткичи – 1398,7 м³/йил, https://www.fao.org/aquastat/en/databases/maindatabase/
[3] Ўзбекистонда сув стресси даражаси – 123% (2022 й.), халқаро ташкилотлар (ФАО, Жаҳон Банки) Ўзбекистонни сув стрессини бошдан кечираётган мамлакатлар қаторига киритган.
[4] ФАО AQUASTAT маълумотлар базасининг маълумотларига кўра “Боғлиқлик даражаси” (Dependency ratio) кўрсаткичи 80,07%ни ташкил этган, https://www.fao.org/aquastat/en/databases/maindatabase/
[5] Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига асосан (~40 млрд.куб.м - суғоришга/~46 млрд.куб.м).
[6] ФАО AQUASTAT маълумотлар базасининг маълумотларига кўра, БАА (~51%), Кувайт (~62%), Баҳрайн (~33%) ва Қатарда (~33%) қишлоқ хўжалиги улуши анча паст, https://www.fao.org/aquastat/en/databases/maindatabase/
[7] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 10.07.2020 йилдаги ПФ-6024-сон, https://lex.uz/docs/4892946
[8] ФАО AQUASTAT (истеъмол бўйича) (https://www.fao.org/aquastat/en/databases/maindatabase/), Халқаро Чучуклантириш Ассоциацияси (IDA) ҳисоботлари (https://idadesal.org/e-library/idra-water-security-handbook/) ва энергетика ва сув бўйича тадқиқотларга кўра.
[9] DEWA йиллик ҳисоботлари https://feeds.dfm.ae/documents/2025/Mar/11/234e2cf3-a69a-47f0-820e-8a710606a59c/DEWA%20Integrated%20Repo.pdf
[10] ФАО AQUASTAT маълумотлар базасига кўра (1,850 млрд м³), https://www.fao.org/aquastat/en/databases/maindatabase/
[11] ФАО AQUASTAT маълумотлар базасига кўра (Direct use of agricultural drainage water - 1,6 млрд м³/йил), https://www.fao.org/aquastat/en/databases/maindatabase/
[12] Муаллиф ҳисоб-китоби, ФИК кўрсаткичидан келиб чиқади (1 – 0,63 = 0,37, яъни ~40%)
[13] Муаллиф ҳисоб-китоби, 40% йўқотиш (41 млрд м³ * 0,40) = 16,4 млрд м³
[14] ФАО AQUASTAT ("Тўғонлар сиғими") Ўзбекистон учун умумий тўғон сиғими 22,01 км³ (яъни, 22,01 млрд м³)
[15] Очиқ сув ҳавзаларидан йилига ~10% буғланиш кўрсаткичи Марказий Осиё каби иссиқ ва қуруқ иқлим шароитлари учун умумий қабул қилинган тахминий баҳолаш
[17] Жаҳон Банки маълумотларига асосланиб, муаллиф ҳисоб-китоби, ($1070 млрд /$101 млрд≈ 11)
[18] https://international-partnerships.ec.europa.eu/news-and-events/stories/how-tech-and-modern-market-mechanisms-can-solve-water-scarcity-uzbekistan_en
[19] Муаллифнинг таҳлилий ҳисоб-китоби ва экспертлик баҳолашига асосланган
[20] Oxford Business Group ҳисоботлари https://oxfordbusinessgroup.com/
[21] Муаллифнинг таҳлилий ҳисоб-китоби ва экспертлик баҳолашига асосланган
[22] Атроф-муҳит Самарадорлиги Индекси (Environmental Performance Index - EPI) https://epi.yale.edu/country/2024/ARE
[23] Муаллифнинг таҳлилий ҳисоб-китоби ва экспертлик баҳолашига асосланган
[24] ФАОнинг Ирригация ва дренажга оид нашрлари (FAO Irrigation and Drainage Papers), ирригация муҳандислиги бўйича дарсликлар, кўплаб илмий мақолаларга асосан
[25] Муаллифнинг таҳлилий ҳисоб-китоби ва экспертлик баҳолашига асосланган