"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Энди Апеннин ярим оролида ҳам ҳамкор ва ҳамфикрларимиз бор


2019 йилнинг 27-28 июнь кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги делегациянинг Италия пойтахти Рим шаҳрига ташрифи ҳам амалий учрашувларга бой бўлди. Жумладан, Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотлар институти Бош котиби Марко Риччери билан учрашув фикримиз тасдиғидир.

Мулоқот аввалида Элдор Туляков 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар, бу жараёнда Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган Давлат дастурлари мониторинги ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, 2019 йилги Давлат дастурига мувофиқ жорий йилнинг ноябрь ойида “Марказий Осиё – бизнинг умумий уйимиз” Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтишини маълум қилди. Ушбу йирик тадбирга Италия экспертлари ҳам таклиф этилди.

Ўз навбатида, Марко Риччери Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотлар институтининг яратилиш тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Таъкидландики, институт 37 йилдан буён фаолият юритиб келаётган хусусий-нотижорат ташкилот бўлиб, унда 700 дан ортиқ экспертлар иш юритади. Тадқиқотларнинг асосий қисми, яъни 80 фоизи Европа Комиссияси ва 20 фоизи хусусий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилиади.

Институт томонидан шу кунга қадар чоп этилган тадқиқотлар ҳажми 900 минг саҳифадан зиёд. Шунингдек, юздан зиёд сиёсий ва институционал эксперт мунозаралар ташкил этилган. Уларнинг негизида матбуот архиви ташкил қилинган бўлиб, унда сўнгги 30 йил давомида чоп этилган 2 млн.дан зиёд мақолаларни ўз ичига олган 400 дан ортиқ даврий ва кундалик матбуот нашрлари сақланмоқда.

Э.Туляков, Марко Риччери ва Марказий Осиё бўйича экспертларга мамлакат оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ва Италия ўртасида олиб борилган иккитомонлама тадқиқотлар натижалари ҳамда давлатлараро муносабатларга оид мақолалар чоп этишни таклиф қилди. Икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболларига оид мавзулар ҳам муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг турли соҳаларида истиқболли лойиҳаларни биргаликда ҳаётга татбиқ қилиш ҳамда маслаҳат хизматларини кўрсатишда кўмаклашиш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан италиялик экспертларни Ўзбекистонга жалб қилиш таклифи ўртага ташланди.

Э.Туляковнинг таъкидлашича, Италия кичик ва ўрта корхоналарда ишлаб чиқариш тизимини модернизациялаш борасида тажриба алмашиш орқали Ўзбекистон тараққиётига ўзининг муҳим ҳиссасини қўшиши мумкин. Бинобарин, Италия иқтисодиётининг ривожланиш тажрибасидан маълумки, биргина туризм соҳаси учун халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш салоҳияти намунали тарзда йўлга қўйилган. Шу билан бирга, мамлакатнинг яна бошқа кўплаб соҳалардаги муваффақиятли тажрибаси асосида икки мамлакат ўртасидаги жадал ҳамкорлик яхши натижаларга олиб келиши мумкин. Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотлар институти эса, бу борада энг яхши ҳамкор бўлиши ва мустаҳкам кўприк вазифасини бажариши мумкин.

Учрашув давомида томонлар қонунчиликни ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, туризм, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш каби бир қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболли йўналишларини ҳам муҳокама қилдилар.

Фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш, уни янада мустаҳкамлаш, келажакда бу йўлдаги ташаббус, лойиҳа ва иш услубларини чуқурроқ муҳокама қилиш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тадқиқотлар институти ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати