"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари “Ecomondo” халқаро кўргазмасига таклиф этилди


Италиянинг Барқарор ривожланиш жамғармаси “Тараққиёт стратегияси” маркази делегациясининг навбатдаги учрашувларига мезбонлик қилди. Бу ерда тадқиқотчи ва экспертлар Алессандра Баило Модести ва Джузеппе Додаро билан мулоқотлар ўтказилди.

Барқарор ривожланиш жамғармаси фаолиятининг асосини турли хил тадқиқотлар, илмий билимларни ривожлантириш ва кенг ёйиш, барқарор ривожланишни таъминлайдиган иш услублари ва технологик ечимлар ташкил этади. Жамғарма ижтимоий, иқтисодий ва технологик ривожланишни таъминлашда зарур бўлган, халқаро миқёсда эътироф этилган муҳим тамойилларни тайёрлайди ва оммалаштиради. Таълим, техник-илмий ишланмалар ҳамда тадқиқотлар жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари саналади.

Мулоқот давомида италиялик экспертлар томонидан муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси миллий иқтисодиётининг барча тармоқлари янги стратегик ривожланишга ўтиши жараёнида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг фаровонлигини оширишда барқарорликни сақлаш манбаи сифатида қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, тегишли молиявий маблағга боғлиқ ишлаб чиқариш масаласини жадаллик билан ҳал қилмай туриб, кластерни ривожлантириб бўлмаслиги қайд этилди. Замонавий технологик талаблар асосида жиҳозланган кичик хусусий корхоналарни ташкил қилиш, шу асосда Европа Иттифоқи ҳудудида харидоргир бўлган экологик тоза маҳсулотларнинг турини кенгайтириш ҳамда сифатини ошириш зарур. Шунингдек, туризм соҳасида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мумкин.

“Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, италиялик тадқиқотчилар, ахборот-таҳлил, таълим муассасалари ҳамда экспертлар билан турли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш айни муддао эканлигини маълум қилди.

Ўз навбатида, италия томони Марказий Осиё минтақасини янада барқарор, фаровон қилиш йўлида бу ердаги ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга интилаётганини таъкидлади.

Барқарор ривожланиш фонди экспертлари “Тараққиёт стратегияси” маркази вакилларини жорий йилнинг 5-8 ноябрь кунлари Италиянинг Римини шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ecomondo” халқаро кўргазмасида иштирок этиш учун таклиф этишди. Кўргазма доирасида чиқиндиларсиз иқтисодиётнинг замонавий моделлари бўйича семинар ва конференциялар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу ташриф давомида зарур тижорий алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бугунги кундаги натижалари билан халқаро ҳамжамиятни кенгроқ таништириш, шунингдек, Ўзбекистон-2030 стратегияси лойиҳасини тайёрлашда Европа Иттифоқининг бир қатор етакчи “ақл марказлари” вакиллари, халқаро экспертлардан туризм, экология ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича зарур маслаҳатлар олиш имкони пайдо бўлади.

Шунингдек, “Ecomondo” конференцияси доирасида Барқарор ривожланиш жамғармаси ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланишига келишиб олинди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати