"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Грузияга ташриф давом этмоқда


Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Тошкент Давлат юридик университети вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Грузияда бўлиб турибди.

Ташриф дастурига мувофиқ, делегация аъзолари турли вазирлик ва идорaларда учрашувлар ўтказиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар.

Хусусан, Грузия Олий судида учрашув ташкил этилди. Унда ушбу мамлакатда суд тизими ва судьялар фаолияти хусусида тақдимот бўлиб ўтди. Тақдимотда Грузия суд органлари фаолиятининг асослари, судьялар сони, Олий суд раиси ва ўринбосарларининг ваколатлари, судлар идоравий фаолиятининг механизмлари, асосий вазифалар каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Кун тартиби бўйича кейинги учрашув Грузия Иқтисодиёт вазирлигида ташкил этилди. Унда ўтказилган тақдимот орқали делегация аъзолари иқтисодий мустақиллик, глобал рақобатбардошлик, бизнесни юритиш ҳамда қонун устуворлиги каби индекслар бўйича халқаро рейтингларда Грузия эгаллаб турган ўринлар хусусида батафсил таништирилди. Меҳмонларга мазкур халқаро рейтингларни тузиш методологияси, уларда мамлакат қайд этаётган натижаларнинг собиқ иттифоқ давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон билан қиёсий натижалари ҳамда халқаро рейтингларда ижобий натижа қайд этиш учун давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Навбатдаги тақдимот тадбири арбитраж ва медиация масалаларига бағишланди. Ушбу мавзу бўйича Арбитрлар ассоциацияси вакили Софо Ткемаладзе ҳамда БМТ Тараққиёт дастури менежери Лика Карцивадзелар тақдимот ўтказишди.

Тақдимотлар орқали меҳмонлар баҳсларни ҳал этишнинг альтернатив восита ва усуллари, уларнинг ҳуқуқий асослари, шунингдек, Грузияда медиация, томонларнинг медиациядан фойдаланишига оид статистик маълумотлар ҳамда медиацияни самарали қўллаш билан боғлиқ лойиҳалар билан батафсил таништирилди.

Айни пайтда делегация аъзоларининг Грузияга ташрифи тадбирлар режаси асосида давом этмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати