"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2020 йилда Ўзбекистон-Япония муносабатлари янада ривожланади


Япония – улкан иқтисодий, индустриал ва интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат. Иқтисодиёт ривожи бўйича дунёда учинчи ўринга эга кунчиқар мамлакат “Катта еттилик” давлатлари қаторига киради, халқаро майдонда ҳам муҳим роль ўйнайди.

Ўзбекистон ва Япония мамлакатларни яқин кўп қиррали ҳамкорлик боғлаб туради, улар стратегик шерик ҳамдир. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил декабрь ойидаги Японияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

2020 йилнинг 7 январь куни эса “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистон-Япония: IV саноат инқилоби даврида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда асосий эътибор ҳам 2020 йилда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилди. Мазкур тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Муҳокамаларда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, “Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази мутахассислари иштирок этди.

Давра суҳбати иштирокчилари ҳар иккала мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини ижобий баҳолашди ҳамда уни янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқишди. Таълим, маданият, спорт, гуманитар алмашинув соҳаларида кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий, маданият, таълим, ахборот коммуникация соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириш йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Элдор Туляков, “Тараққиёт стратегияси” маркази Ижрочи директори

- Бугунги тадбирда айнан Давлат раҳбари ташрифи чоғида имзоланган салмоқли ҳужжатлар ва келишувларни амалда ишлашини таъминлаш мақсадида бир қатор экспертлар билан таклифлар ишлаб чиқилди. Таъкидлаш лозимки, Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар нафақат давлат раҳбарлари даражасида, балки давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ҳам мустаҳкамланмоқда. Хусусан, парламент нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, Президент ташрифи давомида бир гуруҳ депутатлар Япония парламентининг 20 дан ортиқ аъзолари билан учрашишди. Айнан мана шу учрашув чоғида япониялик депутатлар ҳам Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларга ижобий баҳо беришди. Аҳамиятлиси, улар Ўзбекистонда юз бераётган жараёнлар ҳақидаги батафсил маълумотга эгалар. Бу ҳам япониялик депутатларнинг мамлакатимизга қизиқишининг юқори эканлигини билдиради.

Экспертларнинг фикрича, Японияга ташриф якунлари бўйича имзоланган келишувлар Япония капиталининг Ўзбекистонда мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратади. Масалан, Нагоя шаҳри билан Тошкентда юқори технологиялар парки барпо этиш, Ўзбек – Япон ёшларининг инновацион марказини ташкил қилиш бўйича эришилган келишув натижасида иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари жадал ривожланишини таъминловчи мустаҳкам платформа яратилади. Шунингдек, ёш, истиқболли кадрларни тайёрлаш имкониятлари янада кенгаяди.

Туризм соҳаси ривожи – бу мамлакатни дунёга танитишнинг муҳим омили демакдир. 2018 йилда Япония фуқаролари учун визасиз режим жорий қилиниши кунчиқар юртнинг фуқароларини Ўзбекистонга бўлган қизиқиши янада орттирди.

Шунингдек, давра суҳбатида экспертлар томонидан мамлакатимизда Япония ОТМлари филиалларини ташкил этиш қанчалик муҳим эканлиги, ундан ташқари, инфраструктурани яхшилашга оид таклифлар билдирилди.

Шуҳрат Иргашев, “Тараққиёт стратегияси” маркази лойиҳа раҳбари

  • Ҳозирги замонавий босқичда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида ривожланиб бормоқда. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, сармоявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканлигини қайд этишмоқда.Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Япония ўртасида экологик ҳавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш муҳим йўналишлардан ири саналади. Барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитга таҳдид солувчи экологик муаммоларни ҳал етиш жараёнида илғор эко-технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Шунга монанд бу соҳада илмий-тадқиқот муассасалари ва ОТМлар ўртасида янада фаоллашмоқда. Таъкидлаш жоиз, Япония Орол денгизи қуриши муаммосини ҳал етишда мунтазам ёрдам кўрсатиб келмоқда. Жумладан, Япония ҳукумати беминнат тарзда $3 миллиондан кўпроқ маблағ ажратди. Япониянинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илғор тажрибаси Ўзбекистон учун жуда фойдали бўлиши мумкин, бу еса икки мамлакат ўртасидаги ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни талаб етади.

 

Давра суҳбати иштирокчилари Тошкент ва Токио ўртасида «Япония + Марказий Осиё» форматидаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритишар экан, Япония Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончли ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватлашини алоҳида қайд этишди. Шу билан бирга, Кунчиқар мамлакат Марказий Осиёда ўзининг минтақавий сиёсатини амалга ошириш учун Ўзбекистонга алоҳида аҳамият қаратади. Бунга Япониянинг мазкур минтақа давлатларига ажратган ёрдами ҳажмининг 57 фоизи Ўзбекистонга тўғри келиши фикримиз далилидир.

Давра суҳбати қатнашчилари таъкидлаганидек, кун сайин шиддат билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон учун Япония билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш юртимизнинг стратегик манфаатларига тўлақонли мос келади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати