
Жамшид Шарипов “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи
Рамзидин Нуридинов “Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси
2025 йил январ ойида Жаҳон иқтисодий форуми турли мамлакатлардан академик доиралар, бизнес, ҳукумат, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакилларининг 900 дан ортиқ экспертлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижаларини ўз ичига олган навбатдаги Глобал хавфлар ҳисоботини (Global Risks Report 2025) эълон қилди. Ҳисоботда “глобал хавф” - жаҳон иқтисодиётига, демографик вазиятга ёки табиий ресурсларга сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳодиса ёки омил сифатида белгиланган.
Тадқиқотда “глобал хавфлар” бешта тоифага ажратилган: иқтисодий (инфляция, қарз инқирози, ишсизлик, ресурслар тақчиллиги), экологик (глобал исиш, биохилма-хилликнинг йўқолиши, қурғоқчилик, сув тошқинлари), технологик (киберҳужумлар, технологик носозликлар, маълумотлар махфийлигининг йўқолиши), ижтимоий (даромадлар тенгсизлиги, демографик ўзгаришлар, миграция инқирозлари), геосиёсий (савдо урушлари, ҳарбий можаролар, сиёсий беқарорлик).
Global Risks Report 2025 маълумотларига кўра, қисқа муддатли истиқболда глобал хавфлар дунё миқёсида жиддийлик даражасига кўра қуйидаги тартибда жойлашган: ёлғон ахборот, экстремал об-ҳаво ҳодисалари, қуролли тўқнашувлар, ижтимоий табақаланиш ва кибержосуслик.
Жаҳон иқтисодий форум экспертларининг фикрига кўра, мазкур хавф-хатарлар кузатилаётган бир пайтда Ўзбекистон аграр соҳаси ва табиий ресурслар экспортига боғлиқ мамлакат сифатида, иқтисодий ўсиш стратегиясини қайта кўриб чиқиши ва ўзгарувчан шароитларга мослашиши лозим. Мазкур таҳлилий материалда жорий ҳолат, асосий муаммолар ҳамда Жаҳон иқтисодий форуми экспертларининг фикрига кўра, мамлакатдаги мавжуд тўсиқларни енгиб ўтиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар келтирилади.
Иқтисодий ўсишни таъминлаш муаммолари ва чақириқлари
Кўплаб мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун глобал ноаниқлик шароитида иқтисодий ўсишни таъминлаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Кенг кўламли ислоҳотлар, инфратузилмани модернизация қилиш ва инвестицияларни жалб қилиш орқали 2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ижобий динамикани намоён этишда давом этди. Хусусан, камбағаллик даражаси 8,9 фоизга ва инфляция 9,8 фоизга камайди, ялпи ички маҳсулотнинг ҳажми 6,5 фоизга, ва экспортнинг 8,3 фоизга ўсиши таъминланди.
Бундай ютуқларга эришилганлигига қарамай, Жаҳон иқтисодий форуми экспертларининг фикрича, Ўзбекистон бешта асосий хавф-хатарга дуч келиши мумкин. Global Risks Report 2025 ҳисоботида мамлакатнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган асосий таҳдидлар қаторида сув ва энергия ресурслари тақчиллиги, ҳаво, сув ва тупроқнинг ифлосланиши, давлат қарзининг ўсиши, шунингдек, ишчи кучи ва мутахассисларнинг етишмаслиги қайд этилган.
Global Risk Report 2025 ҳисоботида 122 мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон бўйича асосий хавфлар Executive Opinion Survey сўровномаси натижалари асосида аниқланган[1].
|
Дунёда |
Узбекистонда |
|
1. Ёлғон ахборот (дезинформация) |
1. Сув етишмаслиги |
|
2. Экстремал об-ҳаво ҳодисалари |
2. Энергия таъминоти тақчиллиги |
|
3. Қуролли можаро |
3. Ифлосланиш (ҳаво, сув, тупроқ) |
|
4. Ижтимоий табақаланиш |
4. Давлат қарзи |
|
5. Кибержосуслик ва ҳарбий ҳаракатлар |
5. Ишчи кучи ва мутахассисларнинг етишмаслиги |
Қуйида Жаҳон иқтисодий форуми тадқиқотлари бўйича аниқланган ва Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсишга таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар бир хавфнинг таҳлили келтирилган.
Сув ва энергия ресурслари тақчиллиги (1-2-хавф). Ўзбекистон қуруқ иқлимга эга бўлган мамлакат бўлиб, сув ресурслари етишмовчилигига дуч келмоқда. Бу нафақат табиий шароитлар билан, балки қишлоқ хўжалигида сувдан самарасиз фойдаланиш билан ҳам боғлиқ, чунки қишлоқ хўжалиги мамлакатдаги сув ресурсларининг тахминан 90 фоизини истеъмол қилади. Масалан, 1 гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг куб метр сув керак бўлса, иқлими ва тупроғи ўхшаш мамлакатларда 2-3 баробар кам сув талаб қилинади. Шунингдек, мамлакат ирригация инфратузилмаси эскирганлиги сабабли сувнинг 36 фоизини йўқотади[1]. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши муаммони янада кучайтириши мумкин: экспертларнинг тахминларига кўра, 2030 йилга бориб, минтақанинг сув таъминоти 20-25 фоизга қисқариши мумкин.
Бундан ташқари, аҳоли ва саноатнинг ўсиши энергетика тизимига юкламани оширади, бу эса электр энергияси танқислигига олиб келади. 2023 йилда электр энергияси тақчиллиги 5 фоизни ташкил этиб, бир қатор ҳудудларда вақти-вақти билан узилишларга сабаб бўлди[2].
Ҳаво, сув ва тупроқнинг ифлосланиши (3-хавф). Жаҳон иқтисодий форумининг тадқиқотларига кўра, Ўзбекистон йирик шаҳарларда ҳавонинг ифлосланиши, тупроқ деградацияси ва сув ресурсларининг ифлосланиши каби жиддий экологик муаммоларга дуч келмоқда. Бу саноатнинг жадал ривожланиши, эскирган технологиялардан фойдаланиш ва экологик стандартларга риоя қилинмаслиги билан боғлиқ.
Ушбу хулосалар IQAir портали маълумотлари билан ҳам тасдиқланади, унга кўра Тошкентда PM2.5 концентрацияси ЖССТ тавсия этган меъёрдан 13,4 баравар юқори. PM2,5 ҳаво ифлосланишининг асосий манбалари бу иситиш сектори (28%), транспорт (16%) ва саноат (13%) ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳолат аҳоли саломатлигига ҳам, иқтисодий харажатларнинг ошишига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин[3].
Жаҳон банки экспертларининг фикрига кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб, 8 млн.га яқин аҳоли экологик муаммолардан азият чекиши ва хавф юқори бўлган ҳудудларда яшаши мумкин, агар узоқ муддатда ҳеч қандай чора кўрилмаса, мамлакат ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсишининг 10 бирликини йўқотиши мумкин[4].
Давлат қарзи (4-хавф). Ўзбекистонда давлат қарзининг ўсиши Жаҳон иқтисодий форуми экспертларида хавотир уйғотмоқда. Гарчи мамлакат инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун ташқи қарзларни фаол жалб қилаётган бўлса ҳам глобал иқтисодий беқарорлик шароитида қарз юки ошишини келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига давлат қарзи 34,9 млрд. долларни ёки ЯИМнинг 34,4 фоизини ташкил этди, бу эса Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўрта даромадли мамлакатлар учун белгиланган 55 фоизлик чегаравий қийматга яқин[5]. Шу билан бирга, Жаҳон иқтисодий форуми экспертларининг фикрига кўра, қарзнинг асосий қисми ташқи қарзларга тўғри келиши, мамлакатни халқаро бозорларда валюта курсларининг ва фоиз ставкаларининг ўзгариши олдида заифлаштиради.
Ишчи кучи ва юқори малакали мутахассисларнинг етишмаслиги (5-хавф). Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси 13,5 фоизни ташкил этган бўлса-да, Ўзбекистон IT, муҳандислик ва яшил энергетика каби юқори технологияли соҳаларда малакали кадрлар танқислигига дуч келмоқда. Бу таълим тизимининг меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги билан изоҳланади: яъни ўқув дастурлари иш берувчиларнинг эҳтиёжларига йўналтирилмаганлигини кўрсатади.
Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг сўзларига кўра, 2024 йилда ОТМни тамомлаган ёш мутахассисларнинг 59 фоизи (ёки 126 минг нафари) ўз мутахассислиги бўйича халигача ишга жойлаша олмаган[6]. Бу маълумотлар вазирнинг фаолияти якунларини эшитиш чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида эълон қилинди. Бунга сабаб, Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш” ҳисоботида таъкидланганидек, таълим муассасаларини тамомлаган ёшларнинг 69 фоизи тажриба ва зарур кўникмаларга эга эмаслиги сабабли ишга тайёр эмаслигидир[7].
Келтирилган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, мувофиқлаштирилган ва стратегик жиҳатдан пухта ўйланган ҳаракатлар иқтисодиётни сезиларли даражада яхшилаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга қодир.
Жаҳон иқтисодий форуми тадқиқотларига кўра, кўрсатилган муаммоларни ҳал қилиш учун комплекс ёндашув, замонавий технологияларни жорий этиш ва ўхшаш муаммолар ва хавф-хатарларни енгиб ўтиш учун муваффақиятли хорижий тажрибаларни мослаштириш зарур, хусусан:
Жаҳон иқтисодий форуми экспертларининг фикрига кўра, сув инқирози ва электр энергияси тақчиллигидан чиқиш йўли "яшил тараққиёт" ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, "Тараққиёт стратегияси" маркази экспертлари энг илғор хорижий тажрибаларга таянган ҳолда сув ва энергия ресурслари тақчиллигини юмшатиш бўйича қуйидаги тўртта асосий йўналишда чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди:
Исроил томчилатиб суғориш, денгиз сувини чучуклаштириш ва оқова сувларни қайта ишлашнинг илғор технологиялари туфайли сув танқислиги муаммосини сезиларли даражада юмшата олди. Натижада, Исроилда оқова сувларнинг қарийб 90 фоизи қайта ишланади ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилади, бу эса ўртача 40 фоиз сувни тежаш имконини беради[8].
Хитойда "Made in China 2025" режаси маҳаллий қуёш панеллари ва шамол генераторларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришни рағбатлантиради. 2023 йилда Хитойда қуёш энергияси қуввати 609,49 ГВт га, шамол энергияси эса 441,34 ГВт га етди[9]. 2023 йилда Хитойнинг қайта тикланувчи энергия манбаларига инвестициялари 546 млрд. долларни ташкил этди[10].
Германия 2000 йиллардан бошлаб кўмир ва атом энергиясидан воз кечишга қаратилган Energiewende (энергетик бурилиш) сиёсатини олиб бормоқда. Германиянинг Energiewende стратегияси ҚТЕМ ишлаб чиқаришнинг сезиларли ўсишига олиб келди. 2023 йилда қуёш ва шамол электр станциялари Германияда ишлаб чиқарилган электр энергиянинг 56 фоизини ташкил этди. Мамлакат 2050 йилга келиб иссиқхона газлари чиқиндиларини 1990 йилга нисбатан 80-95 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда. 21 аср ўрталарига келиб, у шамол ва қуёш энергияси каби қайта тикланадиган манбалардан 60 фоиз энергия олишни ҳам режалаштирмоқда[11].
Шунингдек, Германияда "Қайта тикланадиган энергия манбалари тўғрисида"ги қонуни (EEG) жорий этилган бўлиб, унда марказлашмаган энергия ишлаб чиқарадиган ва уни умумий тармоққа етказиб берадиган ишлаб чиқарувчилар учун тариф таркибидан қўшимча молиявий ёрдам кўрсатиш амалиёти кўзда тутилди. EEG нинг асосий мақсади ишлаб чиқарувчилар учун иқтисодий жиҳатдан жозибадор бўлган "яшил" энергияга сармоя киритишни рағбатлантиришдир[12].
Хитой қайта тикланувчи энергия манбаларини бирлаштириш ҳамда қуёш ва шамол кўп бўлган ғарбий минтақалардан шарқий саноат марказларига энергияни узатиш учун “Smart Grid”ларни фаол барпо этмоқда[13].
Швециянинг муваффақиятли тажрибасига асосланиб, Ўзбекистонда экологияни ифлослантирувчи йирик корхоналар учун CO₂ эмиссиясига солиқ жорий этиш имкониятларини ўрганиб чиқиш.
Швецияда карбонат ангидрид эмиссияси учун "яшил солиқ" жорий этилиши корхоналарни экологик тоза технологияларга ўтишига туртки бўлди. Бунинг натижасида Швеция 1990 йилга нисбатан иссиқхона газлари чиқиндиларини 27 фоизга камайтиришга эришди[14].
Бундай солиқнинг жорий этилиши атроф-муҳитга таъсирни камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва “яшил” технологияларни илгари суриш орқали барқарор ривожланишга эришишда муҳим роль ўйнаши мумкин.
1. Давлат қарзининг юқори даражаси ЯИМнинг 70 фоизидан ошиш хавфига учраган Канада тажрибасидан келиб чиқиб, самарали бюджет чораларини жорий этиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек, мақсадсиз харажатларни қисқартириш.
Канада ҳукумати давлат қарзининг юқори даражаси муаммосини ҳал қилиш учун ортиқча давлат харажатларини камайтириш ва даромадларни оширишга қаратилган кенг қамровли бюджет ислоҳотларини амалга оширди. Ислоҳотларнинг асосий элементларидан бири тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш бўлиб, бу иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим роль ўйнади.[15].
2. Жанубий Корея амалиётига ўхшаш фискал қоидалар тизимини жорий этиш, яъни давлат қарзлари ҳажмини самарали чеклаш. Бундай тизим молиявий интизом ва барқарорликни сақлашга ёрдам беради, давлат қарзи даражаси устидан назоратни таъминлайди ва унинг ҳаддан ташқари ўсишига йўл қўймайди.
Жанубий Корея фискал қоидалар тизимини жорий этиш натижасида давлат қарзини ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 40 фоиз даражасида сақлаб қолишга эришди[16].
Жанубий Корея амалиёти шуни кўрсатадики, бундай фискал қоидаларни қўллаш миллий иқтисодиётнинг барқарорлигига, макроиқтисодий барқарорликни яхшилашга ва инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
1. Германиянинг муваффақиятли тажрибасидан келиб чиқиб "Дуал таълим" дастурини жорий этиш.
Германияда ушбу дастур доирасида талабалар бир вақтнинг ўзида олий таълим муассасаларида таълим олиш билан бирга, ОТМлар билан ҳамкорлик шартномалари тузган корхоналарда амалиёт ўтайдилар, яъни талабалар ўқишнинг биринчи кунидан бошлаб назария ва амалиётни уйғунлаштирадилар.
Ушбу ёндашув нафақат назарий билимларни ўзлаштиришга ёрдам беради, балки ҳақиқий бизнес муҳитида муҳим амалий кўникмаларга эга бўлишга, шунингдек, бакалавр ёки магистр даражасини тўлиқ касбий фаолият билан шуғулланиш орқали олиш имконини беради[17].
2. Ўзбекистонда Сингапурнинг SkillsFuture моделига ўхшаш қўшимча таълим ва ходимларни қайта тайёрлашни молиялаштириш дастурини жорий этиш.
Сингапурнинг SkillsFuture ташаббуси ходимларнинг малакасини ошириш ва меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини яхшилашга қаратилган. Бундай ёндашув туфайли Сингапурда битирувчиларнинг 70 фоиздан ортиғи ўқишни тугатгандан сўнг дарҳол ишга жойлашади[18].
3. Фуқароларнинг тажриба алмашиши ва малакасини ошириш бўйича икки томонлама битимлар тузиш имкониятларини ўрганиб чиқиш, бунда хориждаги етакчи заводлар ва йирик компанияларда стажировка ўташ, кейинчалик олинган билим ва кўникмаларни қўллаш учун ватанга қайтиш назарда тутилади.
Ҳиндистон 2017 йилда Япония билан кўникмаларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаган.
Ривожланаётган мамлакатларни иш жойида ўқитиш орқали қўллаб-қувватлаш бўйича (On-the-Job Training) Японияда ишга туширилган Техник стажировка дастури (TITP) доирасида Ҳиндистон фуқаролари Японияда уч йилдан беш йилгача стажировка ўтаб, Ҳиндистонга қайтиб олган билим ва кўникмаларини қўллашади[19].
[7] https://documents1.worldbank.org/curated/en/235891634705237783/pdf/Youth-Employment-in-Uzbekistan-Opportunities-and-Challenges.pdf
[8] https://blogs.timesofisrael.com/water-technology-and-agriculture-sustaining-israels-development/
[9] https://www.enerdata.net/publications/daily-energy-news/chinas-solar-power-capacity-soared-55-2023-and-wind-capacity-21.html#:~:text=China’s%20National%20Energy%20Administration%20(NEA),1.8%25%20to%20above%20421%20GW
[10] https://about.bnef.com/blog/global-low-carbon-energy-technology-investment-surges-past-1-trillion-for-the-first-time/
[11] https://www.wartsila.com/insights/article/energiewende-germanys-quest-to-achieve-a-100-percent-renewable-energy-future#:~:text=Germany’s%20Energiewende%20(the%20energy%20transition),and%20solar%20power%20by%20mid-century
[15] https://globalfinancialdata.com/paying-off-government-debt#:~:text=Unlike%20Australia%2C%20Canada%20kept%20its,to%20over%206%25%20of%20GDP