• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ XII ХАЛҚАРО ОСИЁ КОНГРЕССИДА ИШТИРОК ЭТДИ

2025 йилнинг 21–22 май кунлари Польшанинг Торунь шаҳрида бўлиб ўтган XII Халқаро Осиё конгрессида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.

Мазкур халқаро тадбир Польша Ташқи ишлар вазирлиги, «Маршалек-Холдинг» компанияси, Николай Коперник номидаги Торунь университети, Варшава университети ҳузуридаги Сиёсатшунослик институти, «Польша–Шарқ ҳамкорлиги жамияти», Польша интеграция ва ҳамкорлик жамияти, Куявско-Помор воеводалиги ва Торунь шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конгрессдан кўзланган асосий мақсад – Европа ва Осиё мамлакатлари ўртасида минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш, долзарб масалалар юзасидан фикр ва тажриба алмашиш, ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган аниқ таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилувчи экспертлик майдонини яратишдан иборат.

Халқаро тадбирда Европа ва Осиё давлатлари дипломатик миссиялари раҳбарлари, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, Польша университетлари ректорлари, таҳлил марказларининг тадқиқотчи-экспертлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этди.

XII Халқаро Осиё конгрессининг пленар йиғилишида  «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Э.Туляков ва Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги Элчиси А.Агзамходжаевлар ўз тақдимотлари билан қатнашишди.

Жумладан, Э.Туляков «Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти» мавзусида тақдимот қилиб, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатдаги янги имкониятлар ва польшалик ҳамкорлар учун истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ҳақида атрофлича сўз юритди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодиётни либераллаштириш орқали шаффофлик, самарадорлик ва стратегик бошқарув тамойилларига асосланган ислоҳотлар йўлидан бораётгани алоҳида эътироф этилди.

Таъкидландики, ҳозирда хизмат кўрсатиш ва саноат тармоқлари ЯИМнинг 70 фоиздан зиёдини ташкил этмоқда, бу эса иқтисодиётнинг диверсификациялашувини кўрсатади.

Ўзбекистон ташқи савдо муносабатларини кенгайтириб, Европа Иттифоқидан GSP+ мақоми олинганидан сўнг, Европа мамлакатларига экспорт ҳажми 3,6 баробарга ошиб, 2024 йилда 1,7 миллиард долларга етди. Мазкур мақомнинг 2027 йилгача узайтирилиши икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 1000 дан ортиқ европа компаниялари, жумладан, 610 та тўлиқ Европа капиталига эга корхоналар фаолият юритмоқда. 2024 йилда Европа Иттифоқидан жалб этилган инвестиция ва кредитлар 4,1 миллиард долларни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 77 фоизга ошди. Жами инвестициявий портфель 30 миллиард евродан ошди.

Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳам жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга ошиб, 382 миллион долларга етди.

Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик икки мамлакатни тобора бир-бирга яқинлаштирмоқда. Хусусан, «Польшада таълим» дастури доирасида 2100 нафар ўзбекистонлик талаба Польша олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Польшага авиақатновлар йўлга қўйилганидан сўнг ушбу мамлакатдан сайёҳларнинг Ўзбекистонга ташрифи 7 баробарга ошди.

XII Халқаро Осиё конгресси доирасида, шунингдек,  «Ўзбекистон куни» ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг миллий ва маданий бойликлари, савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти намойиш этилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати