"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Мади Пьяно Мортари: Кластер сиёсати кадрлар ва ижтимоий соҳаларни ҳам бирлаштиради


Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонасида яна бир қизиқарли учрашув бўлиб ўтди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари “European House – Ambrosetti” (TEH-A) Институти махсус тадбирлар бўйича директори ва шерик Мади Пьяно Мортари хоним билан суҳбатлашишди.

Мади Пьяно Мортари хонимнинг таъкидлашича, “European House – Ambrosetti” (TEH-A) Институти 1965 йилда ташкил топган бўлиб, унинг Италия ва хориж давлатларида 5 та ваколатхонаси бор. У Марказ сифатида компанияларни комплекс, синергетик бошқаришда қўллаб-қувватлаши билан ажралиб туради. Бу кўмак прогнозлаш, режалаштириш, муваффақиятга эришиш ва оптималлаштириш (қулайлаштириш, мувофқилаштириш) каби муҳим йўналишларни ўз ичига олади. Институт 50 йилдан буён Италия тижорати билан яқиндан ҳамкор ва ҳар йили мингдан зиёд мижозларга ўз маслаҳатларини тақдим этиб келади. Бундан ташқари, Институт томонидан ҳар йили жаҳон бўйлаб 10 мингдан ортиқ бошқарувчиларни қамраб оладиган тадбирлар ўтказилади. Уларга 300 та италиялик ҳамда 300 та халқаро экспертлар жалб этилади. Институт халқаро ташкилотларнинг юқори даражадаги бошқарув доираларида, шунингдек, айрим мамлакатлар даражасида фаолият юритадиган соҳаларда энг юқори даражага эга халқаро эксперт алоқалари тармоғини яратмоқда. Пировардида, Европада энг яхши ўнталик ва дунёдаги энг яхши йигирматалик тарикибидан мустаҳкам жой олган.

Учрашув давомида Ўзбекистонда рўй бераётган иқтисодий ва сиёсий жараёнларга доир кенг кўламли масалалар юзасидан амалий фикрлар алмашинди.

Мади Пьяно Мортари хоним, жаҳон амалиётида бешинчи ва олтинчи технологик йўлларга ўтиш учун ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рақобатбардош ва инновацион талабларга жавоб бериши лозимлигини, бунга, асосан ишлаб чиқариш билан эмас, балки иқтисодиётни кластерлаш билан эришилишини эътироф этди. Кластер сиёсати, ўз навбатида, нафақат соҳавий ҳамда минтақавий, балки инвестиция, кадрлар ва ижтимоий соҳаларни ҳам бирлаштиради. Яъни, кластер ёндашуви давлат ва минтақавий бошқарувига қўшимча воситаси эмас, балки мавжуд воситалардан самарали фойдаланишнинг янги усули ҳисобланади. Бундай ҳолатда, айрим корхоналарни қўллаб-қувватлашдан тортиб, то хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришгача бўлган саноат сиёсатининг мазмун-моҳияти ўзгаради.

Мади Пьяно Мортари хоним 2019 йил Ўзбекистонда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилингани муносабати билан қабул қилинган давлат Дастури доирасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар эшигини очишини мамнуният билан эътироф этди. Шу муносабат билан, у “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “European House – Ambrosetti” (TEH-A) Институти ўртасидаги муносабатларнинг янада ривож топишига умид билдирди ва иккитомонлама меморандум имзолаш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати